Хотин-қизлар қўмитаси харбий базами?

13.03.2024 17:00

Журналист кира олмаган Хотин-қизлар қўмитасига босим ва зўравонликдан азоб чекиб, нажот излаб юрган аёлларимиз қандай кира олади? 

“Менинг юртим” телеканалининг журналисти Хотин-қизлар қўмитасида шу соҳага тааллуқли мавзуда интервью олиш учун боргани ва у ерда чекловга дуч келганини ўзининг Фейсбук саҳифасида ёзиб қолдирди

“Интервью олиш учун бинонинг кириш ҳудудидан жой қилиб беришди, ичкарига кириш учун эса рухсат беришмади. Бинога масъул “режим опа”дан дакки ҳам эшитдим. Ислоҳотни ёритаман деб борган жойимда, қўл бошқарувида ишлаётган “касалманд” тизимга дуч келиб қайтдим”, – дейди воқеага “Хотин-қизлар қўмитаси нега биносига журналистлар киришидан қўрқади?” дея сарлавҳа қўйган МЮ телеканалининг журналисти Юлдуз Ибрагимова. 

Воқеа қандай бўлганини қуйида ўқишингиз мумкин: 

Хотин-қизлар қўмитасига “Қизлар академияси” платформаси бўйича интервью олиш учун бордим. Бизни матбуот котиби ва тайинланган мутахассис кутиб олди. Ҳаммаси рисоладагидек ўтаётган эди, токи биз интервью олиш учун қулай жойни излашга тушгунимизга қадар...

Ташқарида ёмғирли об-ҳаво, биз турган биринчи қаватдаги холл, яъни эшик олди  кириб-чиқувчилар билан гавжум ва шовқинли бўлгани учун, иккинчи ёки учинчи қаватдан тинчроқ жой топиб беришларини илтимос қилдим. 

Шу пайт бизнинг суҳбатимизни эшитиб турган эшик олдидаги Миллий гвардия ходими бизга фақат шу жойда интервью олишимиз мумкинлиги, бинонинг бошқа қаватларига ўтиш тақиқланишини айтди. 

Бу чекловни ким қўйганини сўраганимда, ходим "Бинонинг хавфсизлигига масъул  “опа” деб жавоб берди. 

Мен ўша “режим”га масъул аёлни қаршимизга чиқиб, ҳолат бўйича тушунтириш беришини сўрадим. Бироздан сўнг ўша кўрсатма берган формали аёл келиб, бизга фақат ўша жойда тасвирга олишимиз мумкинлигини айтиб, камига “Интервьюни ишхонангизга чақириб олсангиз бўлмасмиди?”, деб маслаҳат ҳам бериб қўйди. 

Мен ходимдан қайси ҳуқуқий асосга таянган ҳолда бундай чеклов қўйилаётганига изоҳ сўрадим. У эса ҳақ-ҳуқуқларини биладиган журналистга рўпара келганини англаган бўлса-да, вазиятни юмшатиш ҳақида ўйламади ва жавобдан қочишни афзал кўрди. 

Мени ҳайрон қолдирган жиҳат шуки, бино хавфсизлигига жавобгар ходимнинг ҳатто ташкилот матбуот котибини ҳам бир тийинга олмаётгани, тушунтиришга уринаётган ҳамкасбини умуман писанд этмаётгани эди. 

У Саодат Боймирзаевага  қараб, “Ана, Зулайҳо Баҳриддиновнага қўнғироқ қилиб рухсат олинг-да, кейин билганингизни қилинг!”, деб жахл қилиб кўздан ғойиб бўлди. Кета туриб, ўз бўйсунувидаги миллий гвардия ходимига бизнинг ҳужжатларимизни яхшилаб текширишни ҳам тайинлаб ўдағайлади! 

Қизиқ, бош вазир ўринбосарининг Хотин-қизлар қўмитасидаги шу каби майда ташкилий ишларни ҳал қилишдан бошқа иши йўқмикин? 

Хуллас, ислоҳотни ёритаман деб борган жойимда, қўл бошқарувида ишлаётган “касалманд” тизимга дуч келиб қайтдим!"

Шунингдек, журналист ўз постида бош вазир ўринбосари Зулайҳо Маҳкамовага мурожаат қилиб, тасвирга олиш мумкин эмаслиги ҳақида топшириқ ҳақиқатдан берилган бўлса, у қайси асосларга кўра берилганини сўраган. 

Конституциянинг янги таҳрир 82-моддасида  Оммавий ахборот воситаларининг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши аниқ қилиб белгилаб қўйилган бўлса-да, ҳали ҳам давлат идоралари ёки айрим шахслар томонидан ОАВ ходимлари фаолиятига очиқчасига тўсқинлик қилиш ҳолатлари кузатилмоқда.

 

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
6
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар