Tether компанияси Ўзбекистоннинг рақамли валютасини ишлаб чиқишга кўмаклашиш учун Ўзбекистон билан блокчейнга асосланган P2P телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш бўйича ҳужжат имзолаганини маълум қилди.
Хабарга кўра, Tether "peer to peer" ва блокчейн технологияларини жойлаштириш учун Ўзбекистонни марказ сифатида танлаган ва Ўзбекистон истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги билан ўзаро англашув меморандуми имзолаган.
Унда бу ҳамкорлик Ўзбекистон ҳудудида блокчейн технологияси, жумладан, стабилкоинларни ишлаб чиқиш, жорий этиш ҳамда рақамли активларни токенизация қилишни ўрганиш ва рағбатлантиришга асосланган.
Шунингдек, Tether Ўзбекистонда криптоактивлар учун қонунчилик базаси ва тартибга солиш сиёсатини шакллантиришда, Ўзбекистоннинг рақамли валютасини ишлаб чиқиш ва жорий этишда ёрдам беришини маълум қилган.
Маълумот учун, Ўзбекистонда криптовалюталарни сотиш қатъий чекланган бўлиб, фақат Ўзбекистон истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги томонидан, чекловларга амал қилган ҳолда амалга оширилиши мумкин.