Фарғона вилояти ҳокими Хайрулла Бозоров «Ёшлар кўли» ҳудудини хусусий корхонага бериш тўғрисидаги қарорини Оммавий ахборот воситаларида кўтарилгандан сўнг бекор қилишга мажбур бўлди.
Ҳоким 29 январда имзолаган 2 гектар ҳудуддаги «Ёшлар кўли» майдонини «Unays» қурилиш ширкатига доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан бериш тўғрисидаги қарорини 7 март куни бекор қилди.
Фарғона вилоят марказидаги қиммат ерга кўп қаватли уй, меҳмонхона, ресторан ва савдо мажмуаси қуриш учун «бино ва иншоотлар» номи остида эгалик ҳуқуқини киритган «Unays» қурилиш ширкати қарор чиқишидан 24 кун олдин рўйхатдан ўтганлиги ҳам журналистларда шубҳа уйғотган.
Ҳоким қарори ноқонуний экан ҳақидаги танқидий мақола ЎзАда эълон қилингандан кейингина Давлат активларини бошқариш агентлиги Расмий муносабат билдириб мазкур қарор ноқонуний эканлигини маълум қилди.
«Фарғона вилояти ҳокимлигига объектни Фарғона шаҳар ҳокимлиги балансига ўтказиш ва “Унайс буилдинг” МЧЖга фойдаланишга бериш тўғрисидаги қарорларни бекор қилиш бўйича жорий йил 6 март куни тегишли кўрсатмалар юборилди.
Давактив агентлиги томонидан ушбу давлат мулки объектини тегишли Спорт мактаби балансига қайтариш масаласи қатъий назоратга олинишини маълум қиламиз», – дейилади Давактив муносабатида.
Фарғона вилоят ҳокими томонидан чиқарилган қарор ижтимоий тармоқларда каттагина шов-шувларга сабаб бўлгандан сўнгина у ўзининг қарорини бекор қилишга мажбур бўлди.
Давактив томонидан қарорда бир қанча қонун бузилишлари кўрсатиб ўтилган бўлсада, қарорни бекор бўлишига қурилиш ташкилотининг чет эллик инветор томонидан ўз вақтида молиялаштириш ишлари бажарилмагани сабаб қилиб кўрсатилган.
“Унайс буилдинг” МЧЖ 2024 йил 4 мартдаги №5-сонли хат орқали мурожаат қилиб, чет эллик инвесторлар томонидан молиялаштириш ўз вақтида амалга оширилмаётганлигини билдирганлиги инобатга олинсин.
Фарғона вилояти ҳокимининг 2024 йил 29 январдаги 44-11-0-Қ/24-сонли қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин”, – дейилади Фарғона вилоят ҳокимининг ўз қарорини бекор қилиш ҳақидаги қарорида.