Тошкентнинг тирбанд кўчаларида автобус бошқараётган аёл ҳайдовчи билан суҳбат

08.03.2024 09:58

Кўпчилик Саодат Шерматовани аста-секин таниб бормоқда. Чунки у Ўзбекистондаги илк аёл жамоат транспорти ҳайдовчиси ҳисобланади.

Саодат Шерматова 49 ёшда. Отаси ҳуқуқшунос, онаси эса уй бекаси бўлган,  оилада 4 та қиз, 2 та ўғил.

2020 йилда Самарқанддан пойтахтга кўчиб келган қаҳрамонимизнинг турмуш ўртоғи ҳам жамоат транспорти бошқаради, бир ўғил, бир қиз фарзанди бор.

2005 йилда ҳайдовчилик гувоҳномаси олган Саодат Шерматова Ўзбекистонда биринчи жамоат транспортини бошқараётган  аёл ҳайдовчи ҳисобланади.

- Биринчи мустақил бошқарган автомобилингиз қандай бўлган?

- Нексия бўлган, рулда юришларни Дамас автомобилида ўрганганман. Кейин эса, кўпроқ Нексия бошқарганман.

- Ҳайдовчилик гувоҳномасини Д категориясига ўқишингизга нима сабаб бўлган?

- Ёшлигимдаги қизиқишларим кўпайса кўпайдики, ҳеч қачон камаймади. Борган сари кўпаяверди, ўзига тортаверди. Шунинг натижаси деб ўйлайман.

- Сиздан бошқа қариндошларингизда, яқинларингизда аёл кишилардан жамоат транспорти бошқарганлар бўлганми?

- Дадам ҳуқуқшунос бўлгани сабаб, дадамни йўлидан кетсамми, деб ҳуқуқшуносликда ҳам ўқиганман. Лекин оиламизда ҳайдовчилар бўлмаган. Мен биринчиси бўлсам керак. Бошида автобус ҳайдовчиларига бир қарашда осон туюлиши мумкин. Лекин мураккаброқ, анча қийинроқ экан. Жуда эътиборли бўлишга тўғри келаркан. Транспорт бошқараётганда ҳеч нарсага чалғимаслик керак экан. Автобус бошқаришни бошлаганимда қизиқ бўлди. Тушгача бир йўловчи мен автобус бошқараётганимдан жуда норози бўлди, кайфиятни туширувчи гаплар айтиб, тушиб кетди. Руҳан тушкунликка тушдим. Ўша куни тушдан кейин бошқа йўловчи  "Раҳмат сизга ўхшаган опалар кўпайсин", деб тушиб кетди.

- Ўзбекистонда ҳали жамоат транспортларини бошқарган ҳайдовчилар йўқ. Одамлар бу ҳолатни қанақа қабул қиляпти?

- Яхши ҳам деёлмайман, ёмон ҳам деёлмайман. Лекин, кўпроқ яхши тарафга ўзгаряпти. Йўлларда юрганимда ҳар хил одам бор, менсимасдан йўлимга чиқадиганлар бор, ёки кўрмасдан қолганлари бор, шундан озгина қийинчилик бўляпти.

- Уйдагиларингиз бундай ҳолатларга қандай қарашади?

- Фарзандларим хурсанд. Турмуш ўртоғим эса бироз хавотирда, ҳар куни эҳтиёт бўлгин, деб кўп тайинлайди.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар