Ўзбекистонга бензин олиб келишдаги асосий 7 та муаммо очиқ айтилди

02.03.2024 16:17

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасида Қўмита раҳбарияти А.Қаюмов ва Ф.Карабаев бошчилигида республикамизда бензин импорти савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорлар билан соҳадаги мавжуд тизимли муаммоларни аниқлаш ва импорт имкониятларни ошириш бўйича “очиқ мулоқот” ўтказилди.

Учрашувда соҳада мавжуд тизимли муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш, хусусан автомобил бензини импортини ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Жумладан тадбиркорлар қуйидаги муаммоларни айтиб ўтишди.

1. Автомобил бензини импорти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари учун банклар томонидан ажратилган кредит юкламаси юқорилиги.

2. Логистика нархлари юқорилиги, Россиядан Келес чегарасигача бўлган масофа (1700 км) учун бир тоннаси учун 150 долл бўлган бир пайтда ички темир йўл орқали ташиш хизмати 8-10 км учун 15-20 доллни ташкил этиши.

3. Импорт қилинган ва Россия томонидан бензин маҳсулоти барча стандартларга тўғри келиши ва сифати талабга жавоб бериши юзасидан ҳужжатлар борлигига қарамай, республикага олиб кирганда қўшимча мажбурий сертификатлашдан ўтказиш.

4. Импорт қилинган бензин маҳсулоти учун ҚҚС тўловини тўлаш муддати қисқалиги.

5. Импорт қилиш ниятида хорижий давлатларга пул маблағларини ўтказиб берганда, ушбу маблағлар геосиёсий вазиятлардан келиб чиқиб тақиқларга тушиб қолган вақтларда маҳсулот ўз вақтида етиб келмаслиги кузатилган. Айни шу даврда маҳсулот релизация қилинмаган бироқ маблағлар ўтказилганлиги учун солиққа тортилиши ҳолатлари.

6. Импортёрлар катта ҳажмларда бензин маҳсулотини олиб кирганда уларни сақлаш учун сиғимлар мавжуд эмаслиги ҳамда мавжуд бўлган сиғимлар ижараси қимматлиги.

7. Импортёрлар Туркманистон давлатидан бензин маҳсулотини харид қилиш жараёни жуда кўп вақтни талаб қилиши, натижада айланма пул маблағлари музлаб қолиши.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
6
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар