Вазирлар Маҳкамасининг қарор лойиҳасига ёлғон маълумотлар киритилганми?

26.02.2024 18:32

Бош вазир қарорни имзоласа, яна бир олий таълим муассасасининг мингдан ортиқ талабаси кўчада қолиши мумкин. 

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 12 январдаги “Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш тўғрисида”ги ID-92648 (V-1) қарори лойиҳасида Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани, “Самарқанд дарвоза” кўчаси, 60-уйда жойлашган Тошкент кимё-технология институтининг 2700 кв.м.дан иборат бўлган 1-3 қаватлардаги бино ва иншоотларини тегишли ҳудуди билан Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Академик лицейига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида текин бериш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин, дейилган. 

Ушбу қарор лойиҳасига киритилган Тушунтириш хатида “Самарқанд дарвоза” кўчаси, 60-уйда жойлашган Тошкент кимё-технология институтига қарашли мазкур бино-иншоотининг 2700 кв. метрдан иборат бўлган 1-3 қаватларидан ФОЙДАЛАНИЛМАЙДИ, дейилган. 

Қарор лойиҳасига киритилган бинонинг 1-3 қаватларида Тошкент кимё-технология институтининг "Менежмент ва профессионал таълим" факультети жойлашган бўлиб, айни кунда мазкур факультетнинг 6 та кафедрасида минг нафардан ортиқ талаба таҳсил олмоқда. 120 нафар профессор, ўқитувчилар ва яна 20 нафар бино ходимлари фаолият юритмоқда экан. 

Қарор билан Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Академик лицейига олиб берилиши керак бўлган мазкур бинонинг 4, 5-қаватларида айни шу лицей жойлашган. Мазкур лицейнинг 358 нафар ўқувчиларига шарт-шароит яратиб бериш учун 1024 нафар талаба ўқув биносисиз қолиши мумкин, агар Бош вазир қарор лойиҳасини имзоласа. 

Вазирлар Маҳкамаси томонидан тайёрланадиган қарор лойиҳаси учун киритилган тушунтириш хатида эса, ҳозирги кунда бинонинг 2700 кв. метрдан иборат бўлган 1-3 қаватлари бўш турибди, дейилган. 

Ваҳоланки, ушбу бинода, 6 та кафедрадан иборат бутун бошли бир факультет ўзининг минг нафардан ортиқ талабасига олий таълимдан дарс бериб келмоқда. 

Факультет деканатининг берган маълумотларига кўра, 894 нафар талаба контракт тўлов шартнома асосида ўқишар экан. Бу тўлов шартномалар билан эса, бюджетга бир йилда 8 млрд 18 миллион сўм тушум бўлар экан. 

Вазирлар Маҳкамасига киритилган қоғоздаги хулосада давлат ҳисобига йилига 8 миллиард сўмдан ортиқ маблағни тушум қилаётган катта бир ташкилотнинг мавжудлиги инкор этилмоқда.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
12
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар