Тошкент вилояти, Янгийўл тумани, Қирариқ маҳалласида 2017 йил намунали лойиҳалар асосида 246 та уй қурилиб, фойдаланишга топширилган. Маҳалладаги уйларни сотиш жарёнида харидорларга кўрсатилган лойиҳада оилавий поликлиника, давлат мактабгача таълим ташкилоти, болалар ўйнаши учун махсус болалар майдончаси ва очиқ стадион ҳам кўрсатилган эди.
Лекин маҳаллада ҳужжатдаги бу ижтимоий объектларнинг бирортаси ҳам қурилмади.
Аҳолининг айтишича, давлат мактабгача таълим ташкилоти учун ажратилган ер майдони тадбиркорга хусусий боғча қуриш учун сотиб юборилган. Аҳоли эса, хусусий боғчанинг нархи қиммат бўлиб кетишидан хавотирда.
“Оилавий поликлиника эса маҳалладан 5-6 км узоқликда, баъзан тез ёрдамда ҳам муаммо бўлади. Болалар майдончаси учун қурилиш лойиҳасида 2 та жой ажратилган эди. Улардан бири маҳалла ўртасида жойлашган бўлиб, ҳозирда у ерда савдо мажмуаси қурилган”, – деди мурожаатчилар.
Иккинчисининг ўрнида эса, одамларнинг норозилиги сабаб қурилиши тўхтаб қолган бино бор. Аҳоли лойиҳада кўрсатилган бўш турган жойга маҳалла гузари, ёзги стадион ва болалар майдончаси қуриш таклифини берган.
Аммо ушбу жой бўш эканлиги маълум бўлгач, 2019 йилда Янгийўл туман ҳокимининг 4628-сонли қарори билан тадбиркорга бериб юборилган экан. Майдон ҳозирда тадбиркорлар томонидан алоҳида қилиб ўраб қўйилган. Шунингдек, маҳалла ташкил этилганига унчалик кўп бўлмаган бўлса-да, ички йўллар ҳам умуман талабга жавоб бермайди.
Маҳалла раисидан ушбу ҳолатлар бўйича муносабат сўраганимизда, у ҳам ҳамма жойга мурожаат қилганини, аммо ҳеч қандай ечим бўлмаётганини айтиб ўтди. Масъуллардан ушбу ҳолатга эътибор қаратишини сўраб қоламиз.