Бобурнинг 15-авлоди: Бобурийлар авлоди эканлигимизни сир сақлашга мажбур бўлганмиз

14.02.2024 09:05

14 февраль – Заҳириддин Муҳаммад Бобур туғилган кун

Ҳиндистонни мустамлака қилган инглизлар Бобурийлар сулоласининг қиз ва аёлларига тегмаган, бироқ бу сулоладан умуман эркак киши қолдирмаслик учун фақат ўғил болаларини ўлдирган.  Улар Бобурийларда Амир Темур қони бор деб, қўрқишган. 

Аммо Бобур авлодлари шундай қийин замонлардан ҳам машаққат билан ўтиб бугунги кунгача етиб келган. Бобур авлодлари Қизил империя даврида ҳам ўзларини танитиши мумкин эмасди. Шу сабаб одамлар бу сулоладан  ҳеч ким қолмаган, деб ўйлашади. 

Аммо бобурийлар сулоласининг вакиллари бугун ҳам яшаб келмоқда.

14 февраль Ҳиндистон диёрида 332 йил салтанат қурган шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд топган кун. Бу йил давлат арбоби таваллуд топганига 541 йил тўлди. 

Кўплаб тарихчи олимлар ушбу буюк сулоладан ҳеч ким қолмаган, деб кўп бора такрорлашади. Аммо асли Сирдарё вилояти Боёвут туманида туғилган, ҳозирда Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи Зайниддин Мавлонов Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ўғил авлод тарафидан шажарасининг 15-давомчиси ҳисобланади. 

Унинг сўзларига кўра, инглизлар Ҳиндистонга ҳужум қилганида унинг 6 ёшли бобоси шаҳзода Мирҳазор (Мирзо Муҳиддин) Бобурийлар сулоласининг аёллари томонидан Кашмирга қочириб юборилади. Кейинчалик инглиз разведкаси шаҳзода ҳақида хабар топгач, у Кашмир-Кобул орқали Моваруннаҳрга келади ва Бухоро амирлигида яшаб, шу ерда оила қуради.

Бироқ, 1920 йилда Бухорони эгаллаган Фрунзе бошлиқ қизил қўшинлар шаҳзода Мирҳазорни отиб ташлайди ва Зайниддин Мавлоновнинг отаси, Бобурнинг 14-авлоди Носириддин Мирзони оиласи билан Сирдарё (олдинги Мирзачўл)га сургун қилади. 

Сирдарёнинг Боёвут туманида яшаган Бобурийлар сулоласининг бу авлодларини ҳеч ким билмайди, чунки бу сулола вакилларига кўплаб таҳдидлар бўлгани сабаб, уларнинг уйида "Кимлигингни ҳатто қўшнига ҳам айтма", деган қоида бўлган. 

Аммо ойни этак билан ёпиб бўлмас деганларидек, Бобурийлар сулоласининг давомчиси бўлган ушбу оила ҳақида аста-секин кўпчилик хабар топади. Бошида кўпчилик ишонмаган. Аммо шажаранинг давомчиси бўлган Зайниддин Мавлонов кўплаб ҳужжатлар, китобларни ўрганиб, ҳақиқатдан ҳам Мирзо Бобурнинг авлоди эканлигини кўпчиликка исботлайди.

Бундан ташқари, Зайниддин ака Мавлонов ҳозирда Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг қиз тарафдан авлодлари Ҳиндистонда эканлигини, улар Зайниддин ака билан кўришишни унчалик хоҳламаганини ҳам айтиб ўтди. Ўзбекистонда Бобурнинг ўғли тарафдан авлодлари борлигини исботланса, Ҳиндистон ҳукумати уларга Тожмаҳалдан тушадиган маблағдан улуш ажратилишидан ҳавотирланган.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
4
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар