“Табиб”нинг қўриқчилари жавобгарликка тортилди

13.02.2024 17:31

Қўқонлик неотабиб, бионур соҳиби Иқбол Солиев ҳақида ижтимоий тармоқларда қарқалаётган шов-шувлар ва қўриқчилар қуршовида юргани акс этган видеолавҳа тегишли органларнинг эътиборини тортган. 

Маълум бўлишича, Бош прокуратура матбуот хизмати «қўқонлик табиб»нинг тан соқчилари жавобгарликка тортилганини хабар қилган. 

И. Солиев ўзига мурожаат қилган беморлар ўртасида жамоат тартибини сақлаш мақсадида, Қўқон шаҳрида рўйхатдан ўтган «ХХУ» МЧЖ билан шартнома тузиб, ушбу жамиятнинг тўрт нафар ходимини ўзига қўриқчи сифатида ёллагани айтилмоқда. 

Қўриқчилар қонунга хилоф равишда кийингани учун уларга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарликка оид баённома расмийлаштирилган. 

Шунингдек, Иқбол Солиевнинг табиблик фаолияти юзасидан назорат тадбирлари олиб борилаётгани айтилган.

 Маълумки, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга кўра, расмий ташкилот ходимларининг формали кийим-бошини қонунга хилоф равишда кийиб юриш маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади.

Иқбол Солиевнинг ўзи ҳам табиблик фаолиятини тўхтатганини ижтимоий тармоқлар орқали маълум қилди.

Маълумот учун, Иқбол Солиев табиб сифатида ўзини намоён қилишидан аввал Қўқонда қўшиқчилик билан танилган.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
6
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар