Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясида хорижий фильмларга чекловлар ўрнатилмоқда
Мантиқан ҳақиқатга тўғри келадиган маълумотларга кўра, Россия тарафдан тез-тез келаётган “совуқ овозлар”га сукут билан жавоб берган МТРК ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбарлари ишдан олинган эди.
МТРКнинг 19 йиллик раиси алмашганидан сўнг ходимлар билан бирга томошабинлар ҳам телевидениеда қандайдир ўзгариш ва ислоҳотлар қилинишидан умидвор бўлиши табий ҳол.
Янги раис Абдурашид Жўрабоев собиқ раис хатоларини тўғрилаш учун телеканаллар дастурларига бир қанча чекловларни киритган. Айни кунларда МТРКнинг барча телеканалларида соат 16:30 дан 23:00 гача хорижий фильмларни бериш тақиқланган. Олинган бу қарор мафкуравий масалаларга яна “эски тафаккур”лар аралашаётганини англатади. Чунки иш “юрмай” қолганда душман қидириш, “айбдор” тенденцияларни ўйлаб топиш ва тақиқлаш айни ўша, ўтган замонда кўрган сиёсатимизнинг бир жилваси. Бугунги очиқ дунёда яшаётган, эркин фикрли одам учун жуда жўн ва кулгили туйиладиган бундай усуллар жамиятни “тарбиялаш” важи билан юзага чиқади, одатда. Аммо бу ишни қилаётган стратеглар билишмайдики, жамиятдаги мафкуравий тафаккур тараққиётига тўсиқ бўлаётган омил, масалан, чет эл фильмлари мотивида эмас, балки ўзимиз қабул қилаётган ғаройиб қарорларнинг ичида беркиниб ўтирибди.
Собиқ Шўролар 70 йил халқни тарбиялаш билан шуғулланди, мустақиллик йилларида ўзимиз ҳам бу ишнинг этагини қўймадик. Оқибат нима бўлди?..
Энг қизиғи, бу тақиқ ва чекловлар нафақат давлат телеканалларига, ҳаттоки, хусусий телеканалларга ҳам тааллуқли экан. Очиғи, одамнинг кулгиси келади, интернет ривожланган, бунинг устига, ТВнинг аудиторияси кескин торайган бир шароитда, бу қарор қайси ақлга тўғри келади? Бор томошабинни ҳам йўқотиш учун ҳозирлик эмасми? Биз қайси замонда яшаётганимизни бу мафкурачиларимиз билишадими?
Маълумотларга кўра, Ўзбекистондаги барча телерадиоканалларни назорат қилиш Каримов даврининг бош идеологи бўлган Хайриддин Султоновга топширилганлиги айтилмоқда.
Бу эса тақиқ ва чекловлар “ҳукмдори” яна катта саҳнага қайтганини англатади.