Транспорт вазирини президент ғазабидан ким асраб келмоқда?

02.02.2024 18:37

Вазир Илҳом Маҳкамовнинг “жони сақланаётган қути” кимнинг қўлида?

Президентни ким ва қайси йўл билан алдаяпти? 

Жорий йил 29 январь куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган йиғилишда бир қанча раҳбарларга ҳайфсан берилди. Улар орасида Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов ҳам бор. 

Президент транспорт вазирига сўнгги огоҳлантиришни берди. Бу вазир шу вақтгача, бир ярим йил ичида беш марта огоҳлантириш олган. Аммо президент атрофидаги қайсидир кўринмас қудратли кучлар ҳар сафар Илҳом Маҳкамовни омон сақлаб қолаверади. 

Тўғри, бутун бир мамлакатнинг ҳар бир жабҳаси, ички ва ташқи муаммолари билан яшаётган президентнинг ёдида турмаслиги мумкин. Бироқ, атрофдаги транспорт соҳасига масъул амалдорлар бехабар қолиши негадир жуда шубҳали.

 Шу жойда Транспорт вазири Илҳом Маҳкамовга президент берган огоҳлантириш хронологиясига назар соламиз: 

1-огоҳлантириш: 2022 йил 7 июнда президент транспорт соҳасига хусусий инвесторларни жалб қилиш ишлари сустлигини танқид қилиб, Тошкент-Самарқанд ва Тошкент-Андижон йўналишидаги тезюрар автомобиль йўлларини қуриш бўйича хусусий шериклик лойиҳалари қониқарсизлиги, шунингдек, ҳудудлар ўртасида авиа, темирйўл ва автотранспорт қатновларини кўпайтириш ишлари ўз ҳолига ташлаб қўйилганини кўрсатиб ўтган, вазирга огоҳлантириш берган эди. Ушбу ҳолатга ҳам салкам 1,5 йил бўлди. 

2-огоҳлантириш: Юқоридаги ҳолатдан 3 ой ўтиб, 2022 йилнинг 19 сентябрида Шавкат Мирзиёев туризм соҳасини ривожлантиришга бағишланган йиғилишда транспорт вазири Илҳом Маҳкамовнинг уйғонадиган вақти келгани ҳақида гапириб, вазирлик зиммасига янги вазифалар юклатилганлигини айтган эди. 

Бу вазифалар қай даражада бажарилди ёки бажарилмади, бундан жамоатчиликни хабари йўқ. Чунки Ўзбекистонда шу пайтгача ҳеч бир вазир жамоатчиликка қилган ишлари ҳақида ҳисобот бермаган. (3-огоҳлантириш) Аммо юклатилган вазифалар яхши бажарилмаганини Президент 2023 йил 20 октябрда йўллардаги ҳаракат хавфсизлиги билан боғлиқ вазият анча аянчли аҳволда эканини айтиб, Транспорт вазирини танқид қилганидан ҳам билса бўлади. 

Ушбу йиғилишда Президент вазирга қарата "Ёшлар ўляпти, 4000-4200 одам авариядан ўляпти. Бекордан бекор. Сен ҳам, транспорт вазири бўла туриб, шунга бефарқ бўлмасдан, президент қабул қилган қарорини, светофорларни жой-жойига қўйишга масъулмисан, йўқми? Нимага одамлар ўлиши керак, чорраҳалар тўғриланмагани учун?", дея савол қўйган эди.

4-огоҳлантириш: Бундан ташқари, 2024 йилнинг 18 январь куни президент ўтказган йиғилишда маҳаллий маҳсулотларни ташқи бозорларга етказишда ишончли логистика занжирларини ташкил қилиш масалаларини кўтарганди ва айрим мамалакатлардан юк ташишда қўшимча йиғимлар мавжудлиги, ҳайдовчилар учун виза режими мураккаблиги, автотранспорт учун вазн талабларини мувофиқлаштириш якунига етказилмагани, портларда экспорт товарларини сақлаш ва қайта ишлашга мўлжалланган терминаллар йўқлиги учун бу масалалар билан лозим даражада шуғулланмаётган транспорт вазири Илҳом Маҳкамов огоҳлантирилган. 

5-огоҳлантириш: Шунча огоҳлантириш ва танқидлардан сўнг, орадан атиги 11 кун ўтиб, 2024 йил 29 январь куни президент Тошкент шаҳрида тирбандликни камайтириш ва жамоат транспортини яхшилашдаги камчиликларни санаб, мутасаддиларнинг бу борадаги ишлари қониқарсиз эканини қайд этди. Шу муносабат билан транспорт вазири Илҳом Маҳкамов ва унинг биринчи ўринбосари Маманбий Омаровга ҳайфсан эълон қилинди ва охирги огоҳлантириш берилди.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
5
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар