Пул аралашгандан кейинги "заковат": қонун бузилмаган, фақат виждон унутилмоқда

20.01.2024 17:46

“Закавот”нинг Низомидаги бўшлиқ ва махсус “дарча”лар ҳақида.

Яқинда Олий таълим муассасалари талабалари ўртасида “Заковат” интеллектуал олимпиадасининг республика босқичи бўлиб ўтди. 

Олимпиадада 135 та ОТМ иштирок этиб, шулардан 50 та ОТМ жамоалари, жумладан, 550 нафар талаба 6 та йўналишда беллашдилар.

Ўйин ниҳоятда қизғин ва ҳаяжонли дақиқаларга бой бўлди албатта, буни бутун республика бўйлаб ишқибозлар кузатди. Аммо ҳозир гап бу ҳақда эмас.

«Заковат» интеллектуал клуби» нодавлат нотижорат ташкилотига 2022 йилдан бошлаб ҳар йили 50 млрд сўм ажратилиши президент қарорида белгиланган. (Кейинги йилларда бу рақам янада катталашиши ҳам белгилаб қўйилган.) Ушбу маблағ интеллектуал ўйинни оммалаштириш, ривожлантириш, янги истеъдодларни кўпайтириш, билимга бўлган қизиқишни орттириш мақсадида президент қарорига мувофиқ давлат бюджетидан берилади

Ушбу интеллектуал ўйин ҳақидаги қарор 2022 йилда чиққан ва шундан бери ниҳоятда кўп турнирлар ўтказилди, катта меҳнат қилинди. Аммо, пул бор жойда албатта қандайдир усуллар қўлланиб, нафс ишга тушадики, бундан гоҳида қарор-у қонунлар ҳам лол қолса керак. Чунки уларни бузмасдан ҳам фойдаланиш йўлларини албатта топишади.

Аввалгиларини қўйиб турайлик, яқин кунларда ўтказилган Талабалар турнирида турли йўналишларда олий ўринларни ва умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллаб, ғолиб бўлган талабаларни кўрсангиз, ҳаммасини тушунасиз. Албатта, ўйинда турнирда ҳақли равишда иштирок этиб, барчани лол қолдирган, ўз ўрнига ўта муносиб ҳақиқий талабалар ҳам кўп эди. Аммо...  Биринчи ўринни олган жамоадаги 30-40 ёш атрофидаги талабалар ушбу ўйинга оз бўлса-да қизиққан барчанинг эътирозига сабаб бўлди. Чунки улар заковатнинг доимий ўйинчилари, ўша эски, бизга таниш чеҳралар эди. Уларнинг энг катта ёшлилари асосий суратларда кадрдан бироз қочиб суратга тушишган бўлса-да, ойни этак билан ёпиб бўлмайдику. 

Энг қизиғи, улар ҳеч қандай қоидани бузишмаган. Мазкур ўйин ўтказилиши ва унга миллиардлаб маблағ ажратилиши маълум бўлгач, шунчаки бирор хусусий университетга нечанчидир мутахассисликка ўқишга кириб қўйишган холос. Хусусий университетлар билан истаганча келишувлар тузиш мумкин, муҳими ноқонуний бўлмаса бўлди. Масалан, сиз ўқишга қабул қилинасиз, ўқишга қатнолмайсиз, чунки ишингиз бошингиздан ошиб ётибди. Контракт тўламайсиз, аксинча, керак бўлса сизга тўлашсин. Заковатда ғолиб бўлсангиз шусиз ҳам бу университет ҳисобига миллиардларни туширасиз. Ва номини бутун республикада машҳур қилиб берасиз. Бўлди. Ҳаммаси оддий. Низом ҳам бузилгани йўқ, ҳеч қандай ноқонуний иш йўқ.

Ишлар бундай кетса, буни ҳар қандай соҳа билан қилиш мумкин. Масалан, ўқитувчилар турнири ўтказилганда хусусий мактаблар билан, шифокорлар турнири ўтказилганда хусусий дорихоналар билан дегандек. Худди 2022 йилда журналист ва блогерлар учун ўтказилган турнирда бўлгани каби. Ўшанда бутунлай бошқа соҳа вакили бўлган заковатчилар ҳам битта кичик канал очиш билан блогерга айланиб қолган эди. Айтиш мумкинки, ўзини ҳурмат қилган таниқли блогер ёки ҳақиқий журналист бўлган билимдонлар ҳам бор эди. Тўғри, ҳаммаси қонуний.

Аммо виждон-чи? Ажратилаётган маблағлар балки ёш истеъдодларни кашф қилиш учундир? Балки барчаси сизнинг нафсингиз учун эмасдир? Билимга, заковатга бўлган ҳурматни, меҳрни маблағлар эвазига қурбон қилмаган маъқулдир?

Яна ҳам ишончлироғи, бу ўйинни, давлат бюджетидан, халқнинг солиқларидан ажратилаётган маблағларни ҳар йили бир хил, ҳамма турнирларда чиқиб келаверадиган чеҳралар эмас, ҳақиқий эгаларини топиши учун Низомни мукаммаллаштириш, қандайдир тақиқлар қўйиш керакдир? Заковатнинг илгариги ҳурмати, илгариги зиёси қаерда қолди? Ҳаммаси орага пул тушиши билан ҳавога учиб кетдими? Яқинда заковатда ижрочи директор алмашиши муносабати билан каналлардан бири заковат турнирлари ҳақида “адолатсиз низомларга асосланган турнирлар” деб атагани ҳозирги низомда чиндан ҳам бир қанча назарда тутилмаган ҳолатлар борлиги, булардан эса баъзи уддабуронлар усталик билан фойдаланаётганини таҳлил қилади.

Айтиш мумкинки, бундай фикрлар деярли барча ушбу ўйинга қизиқувчи мухлис ва иштирокчилар томонидан билдирилмоқда. Кўпчиликнинг жиддий эътирозига сабаб бўлаётган ҳолатларга барҳам бериш учун аниқ қадамлар қўйилишини, бунга жиддий эътибор қаратилишини кутиб қоламиз.

Яна бир ҳолат борки, бу борада эътироз билдирган оддий иштирокчилар “Заковат”нинг баъзи магистрлари томонидан қаттиқ фикрлар қаршилигига учраётгани айтилмоқда. Бу кулгили, шу билан бирга жуда ачинарли ҳолат.

Ҳурматли "заковатчи", албатта сиз ҳеч бир қонун-қоидани бузмаётгандирсиз. Аммо қўйинг, талабалар лигасида талабалар ўйнасин. Президент ёрдамчиси таъкидлаганидек, киритилган сармоя келажак учун, ёшлар учун ҳам йўл очсин, хизмат қилсин.

Маълумот учун, барча йўналишларда ғалаба қозонган талабалар тақдирланди, шунингдек, интеллектуал олимпиаданинг умумжамоа ҳисобидаги ғолибларига пул маблағларини президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева топширди. 

Унга кўра, 1-ўринни олган University of science and technology хусусий университети 2 миллиард сўм пул мукофотига сазовор бўлди. 2-ўрин Ўзбекистон Миллий университетига берилди ва уларга 1,5 миллиард сўм пул мукофоти берилди. 3-ўринни эса Наманган давлат университети эгаллаб, 1 миллиард сўм ютиб олди.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
27
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар