Халқ таълими вазирлиги бажара олмаган ишни уддаламоқчи бўлган тадбиркор овораю сарсон 

14.02.2021 05:45

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири Шерзод Ҳотамович ШЕРМАТОВга очиқ хат.

Самарқанд шаҳридаги 60-умумтаълим мактабига спорт зали қуриб бермоқчи бўлган тадбиркор Алишер Аслиев етти ойдан бери овораю сарсон. Халқ таълими вазирлиги томонидан керакли хатни тайёрлаб бериш ойлар давомида пайсалга солинмоқда. Аслида ҳашар йўли билан қурилган спорт залига на Халқ таълими вазирлиги ва на вилоят халқ таълими бошқармасининг дахли йўқ. Чунки уларнинг бир сўми ҳам бу бино қурилишига сарф қилинмаган.

Самарқанд шаҳар Боғимайдон маҳалласида 2004 йили ҳашар йўли билан спорт зали қурилган эди. У маҳалланинг ёшу қариси учун соғломлаштириш машқларини бажаришга хизмат қилиб келди. Спортзалда бир қатор спорт турлари бўйича секциялар ҳам ташкил этилди.

Маҳалла аҳли спорт зали рўпарасида жойлашган 60-умумтаълим мактабининг ёпиқ зали бўлмагани боис жисмоний тарбия дарсларини ўтказиш учун спорт залини мактабга беришга қарор қилишди. 2013 йил спортзал мактаб балансига ўтказилди.

Охирги йилларда эскириб, томидан чакки ўтадиган бўлиб қолган, реконструкция қилишга эса имкон йўқлиги боис спорт залидан фойдаланилмаётган эди. Чунки ўқувчилар билан дарс ўтиш хавфли бўлиб қолди. Мактаб директори Шоиста Улуғованинг спорт залини реконструкция қилиш бўйича вилоят ХТБга қилган мурожаатини ўрганган мутахассислар ҳашар йўли билан барпо этилган бинони реконструкция қилишдан кўра янгисини қуриш арзонроққа тушади деган хулосани билдиришган.

Шундан сўнг Ш.Улуғова Халқ таълими вазирлигига, вилоят раҳбарларига, ҳатто Олий Мажлис Қонунчилик палатасига мактаб учун спорт зал қуриш масаласини ҳал қилишда кўмаклашишни сўраб мурожаат этди. Аммо бунга жавобан ҳеч қандай амалий иш қилинмади. Шундай экан, нега вазирлик пастдан чиққан ташаббусни жон жаҳди билан қўллаб-қувватлаш ўрнига, шундай хайрли ва ўта муҳим ишни бажаришга имкон бермаяпти?

Энди масала моҳияти ҳақида

Бундан бир йил аввал маҳалламизда бўлган Самарқанд вилояти ҳокими спорт зал аҳволи билан танишгач, мутахассислар билан маслаҳатлашиб, унинг жойини тадбиркорга беришни, бунинг учун тадбиркор давлат-шерикчилик асосида мактаб учун замонавий спорт зали қуриши мақсадга мувофиқ бўлиши ҳақида фикр билдирган эди.

Маҳалла аҳолиси маслаҳатлашиб, бу ишни амалга оширишни шу маҳаллада яшовчи тадбиркор Алишер Аслиевга таклиф қилди. А.Аслиев давлат-шерикчилик асосида мактабга янги спортзал қуриб беришни ва эски спорт зал биноси ўрнида тадбиркорлик объектлари қуришга розилик билдирди. Мактабда таҳсил олаётган фарзандлар учун замонавий спорт зал қурилиши ва кўплаб янги иш ўринлари яратадиган савдо-хизмат кўрсатиш комплекси барпо этилишидан ҳамма хурсанд бўлди.

Тадбиркор янги спорт залининг лойиҳасини тайёрлади. 2020 йилнинг 26 октябрида шаҳарсозлик кенгаши ушбу лойиҳани тасдиқдан ҳам ўтказди. А.Аслиев юқори идораларга “агар барча ҳужжатлар тайёрлаб берилса, мен мактаб учун талаб даражасидаги замонавий спорт зали қуришга кафолат бераман. Фақат шундан кейингина эски спорт зал биноси ўрнида савдо-маиший комплекс қуриш ишларини бошлайман” деган мазмунда кафолат хати ҳам ёзиб берди.

Бунга шаҳар ва вилоят мутасадди идоралари рози эди. Соғлом ақлли ҳар бир киши ҳам бунга рози бўлмаслиги мумкинми? Йўқ жойдан, бир сўм ҳам сарфламасдан замонавий иншоотга эга бўлиш кимга ҳам ёқмайди дейсиз?!

Аммо хайрли ва фойдали ишни тушунмайдиган, ҳамма жойда шубҳа билан юрадиганлар мавжудлиги ўта ачинарлидир. Гап шундаки, спорт зал қурилишига ҳеч қанча маблағ сарфламаган шаҳар халқ таълими бўлими балансида бўлганлиги сабабли тадбиркорга унинг жойини бериш учун Халқ таълими вазирлиги рухсати керак экан. Ана шу ерда сансалорлик, қоғозбозлик ва бефарқлик бошланди.

Дастлаб вазирлик бу ишга рухсат бермади. Сўнгра Халқ таълими вазири ўринбосари Иброҳим Жўраев Самарқандда бўлган пайтида жойига келиб, аҳвол билан танишди, тадбиркор билан учрашди ва лойиҳа мақсадга мувофиқ эканлигига амин бўлди. Тошкентга қайтгач, керакли мактуб тайёрлаб юборишга ваъда берди.

Вазирлик розилигини олиш учун тадбиркор дастлаб вилоят ХТБга мурожаат қилди. Бошқарманинг 2020 йил 27 октябрда вазирликка юборган мактубига фақат 3 декабрда бир жумладан иборат жавоб олинди. Унда янги спорт зали биноси қуриб берилгандан сўнг мавжуд спорт зали биноси шаҳар ҳокимлиги захирасига ўтказишига вазирлик қарши эмаслиги билдирилган эди.

Бу шартга ақли жойида бўлган одам рози бўлмаслиги кундек равшан-ку! Жавобнинг мазмуни эски бино шаҳар ҳокимлиги балансига ўтказилиши уни кейинчалик ким ошди савдосига қўйиб сотилишини билдирарди. Алал-оқибат катта иншоот қуриб берган тадбиркор қуруқ қолиб кетиши мумкин.

Тадбиркор ва шаҳар ҳокимлиги қурилиш бўлими вилоят ХТБга яна мурожаат билан чиқиб, вазирликдан бошқа мазмунда хат кераклигини билдиришди ва хатнинг лойиҳасини ҳам юборишди. Шунга ҳам бир ойча бўлиб қолди. Аммо натижа йўқ. Ўз маҳалласига ёрдам қўлини чўзмоқчи бўлган тадбиркор ҳайрон. У янги спорт зали учун сарфланадиган 2 миллиард сўмча маблағга аукциондан бўш ер ёки бир нечта ҳовлиларни сотиб олиб, ўрнига янги объектларини қурса бўлади-ку! Нега буни бели оғримаган вазирликдагилар тушунмайди?

Тошпўлат Раҳматуллаев,

журналист

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
1
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
16.02.2021 17:37
Ерни ҳокимият ажратади. Вазирлик ўз ваколати доирасида жавоб берган. Тадбиркор қолган масалаларни ҳокимият билан келишиши керак. Қонунчиликда шундай.