Дарё ўзанларини қазиш тақиқланмоқда

20.01.2024 12:13

Айрим дарёлар ўзанларида норуда материалларни қазиб олишга муддатсиз мораторий жорий қилинади.

“Сув ҳавзаларида норуда материалларни қазиб олишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони (ПФ-14-сон, 17.01.2024 й.) қабул қилинди.

Фармонга кўра, 2024 йил 1 майдан:

— Чирчиқ, Сангзор, Зарафшон, Норин, Қашқадарё ва Сурхондарё дарёлари ўзанларидаги норуда материалларни қазиб олишга муддатсиз мораторий жорий қилинади;

— Вазирлар Маҳкамаси томонидан мораторий татбиқ этиладиган ҳудудлар чегаралари белгиланади;

— дарё ўзанлари, соҳил бўйи минтақалари ва сувни муҳофаза қилиш зоналаридан қум-шағал материаллари қазиб олиш ҳуқуқини фақат “E-auksion” электрон савдо платформаси орқали реализация қилинади;

— дарё ўзанлари, соҳил бўйи минтақалари ва сувни муҳофаза қилиш зоналаридан қум-шағал материаллари қазиб олишни тақиқлаш ва тоғли ёки тоғолди ҳудудларда (қуруқликда) жойлашган муқобил кон участкаларида қазиш ишлари ташкил этилади.

Бир неча ой аввал Чирчиқ дарёсининг релъефи бузилиши натижасида дарё ўзани сатҳи Тошкент вилояти ҳудудида 2-3 метргача, Тошкент шаҳри Рохат кўли яқинида аввалгига нисбатан 10 метргача пасайиб кетгани хабар қилинган эди. Бунга дарё бўйидан қум-шағалнинг тартибсиз қазиб оланиши сабаб бўлган.

Эндиликда мораторий даврида дарё ўзанлари, соҳил бўйи минтақалари ва сувни муҳофаза қилиш зоналаридан қум-шағал материалларини ноқонуний қазиб олиш натижасида табиатга етказилган зарар учун ундириш суммалари 10 бараварга оширилган ҳолда қўлланилади.

Экология вазирлигига дарё ўзанларидан қум-шағал материалларини қазиб олишни  мониторинг қилиш ва бу борада доимий рейдлар ўтказиш, тартибни бузган шахсларга нисбатан чоралар кўриб бориш вазифаси юклатилди.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар