Сардор Умурзоқов ҳақидаги миш-мишлар ёлғонга айланмоқда. У яна президент олдида

13.01.2024 16:47

Ўзбекистон президентининг иқтисодий ривожланиш, самарали бошқарув ва халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Сума Чакрабарти Linkedin саҳифасига Сардор Умрзоқов билан ҳамкорликда амалга ошираётган ишлари бўйича ҳисобот тарзидаги хабарини жойлаштирди.

Сума Чакрабартининг маълум қилишича, у Сардор Умурзоқов билан бирга Ўзбекистон истиқболига доир иқтисодий масалалар бўйича бир қанча лойиҳаларни амалга ошираётган экан.

“Тошкентдан ҳозиргина қайтдим. Яқин дўстим, Ўзбекистон Президентининг махсус топшириқлар бўйича маслаҳатчиси Сардор Умурзоқов билан биргаман. У Ўзбекистонни иқтисодий ривожлантириш бўйича бир қанча лойиҳаларни муҳокама қилишни таклиф қилди”, – дейди Сума Чакрабарти.

Сума Чакрабарти Ўзбекистоннинг халқаро миқёсда рейтингини ошириш, хорижий инвесторларни жалб қилиш, уларнинг ишончини ошириш мақсадида, янги халқаро тижорат судини ташкил этиш бўйича ишлар олиб бораётганини айтган. Шунингдек, бундай улкан лойиҳаларни амалга оширишда Сардор Умурзоқовнинг ёрдами ва қўллаб-қувватлаши жуда муҳимлигини ҳам билдириб ўтган.

Хорижий маслаҳатчининг юқоридаги сўзларидан англашиладики, Сардор Умурзоқовга иқтисодий масалаларда маъулиятли ишлар топширилган.

“Шу масалаларни муҳокама қилиш учун биз Президент Мирзиёев ҳузурига бирга бордик. Шундан сўнг Пpезидент 2024 йилга мўлжалланган ислоҳотлар бўйича иш режамизни тасдиқлади. Сардор Умурзоқов кўмагида Шавкат Мирзиёев билан жуда самарали учрашув бўлди”, – дейилади Сума Чакрабарти қолдирган ҳисобот тарзидаги изоҳнинг сўнггида.

Бу сўзлардан эса, Сардор Умурзоқов ҳали ҳам Президент ёнидан узоқлашмаганлигини англаш қийин эмас.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
1
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар