Солиқ кодексига “20 минг тадбиркор — 500 минг малакали мутахассис” дастурига киритилган тадбиркорлик субъектларига улар яратган янги иш ўринларига қараб тегишли солиқ имтиёзлари ва преференциялар тақдим этишни назарда тутувчи қўшимчалар киритилди.
Хусусан, ушбу Кодексда кўзда тутилган қўшилган қиймат, фойда солиғи ҳамда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан ташқари барча солиқларни улар яратган янги иш ўринлари сонига қараб бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти тақдим этилмоқда. Жумладан:
— 51 тадан 100 гача янги иш ўрин яратилганда - уч ойгача;
— 101 тадан 200 гача янги иш ўрин яратилганда - олти ойгача;
— 200 тадан ортиқ янги иш ўрин яратилганда - ўн икки ойгача, этиб ифодаланди.
Маълумотларга кўра, бунда бўлиб-бўлиб тўлаш солиқ тўловчининг мурожаати асосида ҳамда белгиланган фоизлар ҳисобланмаган ҳолда, шунингдек ушбу Кодекс 101-моддасининг иккинчи қисмида кўрсатилган ҳужжатларни тақдим қилмаган ҳолда ва молиявий ҳолати таҳлил қилинмасдан тақдим этилади.
Шунингдек, “20 минг тадбиркор — 500 минг малакали мутахассис” Дастури доирасида “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган фуқароларни ишга қабул қилган ва улар жами ишчилар сонининг камида 20 фоизини ташкил этган юридик шахсларга мол-мулк солиғи ва ер солиғидан имтиёз берилмоқда.
Бунда, солиқ имтиёзи миқдори, тадбиркорлик субъектлари томонидан янги иш ўринлар сонидан келиб чиқиб қуйидаги миқдорларда белгиланади:
— 51 тадан 100 тагача янги иш ўрни яратилганда – белгиланган солиқ ставкасининг 50 фоизи;
— 101 дан 200 тагача янги иш ўрни яратилганда – белгиланган солиқ ставкасининг 75 фоизи;
— 200 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилганда эса – ушбу солиқларни тўлашдан озод этилади.
Корхона ишга қабул қилинган “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган фуқароларга камида 1 йил давомида ҳар ой меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори бир бараваридан кам бўлмаган иш ҳақини тўлаб, бандлигини таъминлаши керак.