1 фоиз томошабинни жалб қилиш учун ярим триллион сўм маблағ ажратилмоқдами?

03.01.2024 14:21

Норасмий бўлса-да, ҳамма биладиган ҳақиқатни рақамларда акс эттирган сўровнома натижаси.

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси учун ҳар йили давлат бюджетидан ярим триллион сўмдан кўп маблағ ажратилади. 2024 йилга ҳам давлат бюджетидан МТРК учун 559 млрд 913,6 млн сўм маблағ ажратилди. Йилига ярим триллион ажратиладиган бу тарғибот машинасининг томошабинлари қанча? 

2024 йил кириб келиши арафасида барча телеканалларда байрам дастурлари эфирга узатилди. Rost24.uz сайти "Байрам кунлари қайси телеканалнинг байрам дастурларини томоша қилдингиз?" мавзусида аноним сўровнома ўтказди. Сўровномага 31,5 мингдан кўп овоз берилган. 

Сўровнома натижаларига кўра, давлат бюджетидан ярим триллион ажратиладиган 13 та телеканалдан иборат тарғибот компаниясининг маҳсулотини янги йил кунлари атиги 1 фоиз одам томоша қилган. Бу эса, ҳамма билган ва кутган, аммо жуда ачинарли натижа ҳисобланади. Халқ тўлайдиган солиқлардан шаклланган давлат бюджети ҳеч ким томоша қилмайдиган телеканалларга шу тарзда сарфланмоқдами. Аслида давлат сиёсатини, жаҳондаги янгиликларни тезкорлик билан етказиб бериши мумкин бўлган телеканалламедрни ҳеч ким томоша қилмайди. 

Rost24.uz сайти жамоатчилик ўртасида ўтказган сўровномада ҳам аҳоли давлат телеканалларида бир хиллик борлиги, ривожланиш йўқлиги, эфирга узатиладиган ахборотларда янгиликлар йўқлигини айтиб ўтган.

Сўровнома натижаси яна бир хавотирни уйғотмоқда. Яъни, овоз берувчиларнинг 2 фоизи Россия телеканалларини кузатганини билдирган. 

Шунингдек, 13 фоиз овоз берувчилар ҳеч қайси телеканални томоша қилмаслигини маълум қилган. Энг кўп овозни давлат бюджетидан бир чақа ҳам ажратилмайдиган хусусий телеканал – Zoʻr Tv олган. Овоз берувчиларнинг 63 фоизи мазкур телеканалга овоз берган бўлса, яна бир хусусий телеканал - Sevimli Tv 13 фоиз овоз билан 2-ўринни эгаллаган. 

Журналистлар учун ёпиқ бўлган давлат амалдорлари ҳам "Ўзбекистон24" каби давлат телеканалларига ҳеч иккиланмасдан интервью беришади. Аммо, бу тарғибот-интервьюларни ҳам ўша амалдорнинг ўзидан бошқа яна кимдир кўраяптими, деган савол туғилади.

Эслатиб ўтамиз, Сўровнома эълон қилингандан кейинги бир суткалик (3.01.2024 й. соат 16:00) натижа бўйича хулоса қилинди. Натижалардаги рақамлар яна ўзгариши мумкин.

 

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
2
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар