Тошкент вилояти ҳокимига эътироз билдира оладиган ягона депутатга сўз берилмади

29.12.2023 10:20

Ободонлаштириш ходимларининг ойлигини кўтариш таклифини бермоқчи бўлган депутат фикр билдириш ҳуқуқидан фойдалана олмаган.

“Вилоят ҳокими Зоир Мирзаев эшитинг, расмий йиғилишларда эшитишни хоҳламасангиз ижтимоий тармоқларда мурожаат қилишга мажбурмиз”, – депутат.

Халқ депутатлари Чирчиқ шаҳар Кенгаши депутати Жаҳонгир Тўлагановнинг Халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессиясида сўз ололмагани ва вилоят раҳбари Зоир Мирзаевга алоҳида йўллаган видеомурожаати тарқалди.

Маълум бўлишича, 26 декабрь куни Тошкент вилояти ҳокими раҳбарлигида ўтказилган Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашининг навбатдаги йиғилишида 2024 йилги бюджет тақсимоти муҳокама қилинган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода мазкур йиғилишда Чирчиқ шаҳар Кенгаши депутати Жаҳонгир Тўлагановнинг таклифларини билдириш учун сўз сўраб, 6 дақиқа кутган ҳолатни кўриш мумкин.  Депутатга эса, фикр билдириш имконияти берилмаган.

Депутат сессияда айта олмаган эътирозларини Тошкент вилоят ҳокимига алоҳида видеомурожаат тарзида йўллаган. Видеомурожаатдан маълум бўлишича, депутат бюджет тақсимотидаги номутаносиблик бўйича эътироз билдириб, Чирчиқ шаҳри ободонлаштиришига ажратилаётган маблағнинг нисбатан анча кам эканлигини маълум қилган.

Видеомурожаат ижтимоий тармоқларни қамраб олганидан сўнг, Халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгаши мазкур ҳолат бўйича муносабат билдирди.

“Чирчиқдаги студиядан қатнашган Жаҳонгир Тўлагановга вилоят кенгаши сессиясида сўз берилмагани баҳсли ҳолат бўлиб, вазият ўрганилганда техник хатолик сабаб экани аниқланди. Зоир Мирзаевнинг топшириғи билан бу ҳолат бўйича масъул техник ходим огоҳлантирилди”, – дейилади Халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгаши котибияти томонидан билдирилган муносабатда.

Шунингдек, муносабатда сессияда сўзга турли сабаблар билан чиқмаган депутатлар савол ёки таклифларни ёзма равишда билдириш ҳуқуқига эгалиги ва улар тегишли тартибда ўрганиб чиқилиб, таклиф асосли бўлса, йиғилиш қарорига ўзгартиш киритилиши ҳам айтилган.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
8
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар