Ички ишлар вазирлиги томонидан киритилган ИИБ ходимини тасвирга олиш ҳақидаги қонун лойиҳаси Сенатда кўрилмади.
ИИВ амалдаги Конституция ва "Ички ишлар органлари тўғрисида"ги қонунга қарши чиқишда давом этадими?
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ходимларни тасвирга олганларни 15 суткагача қамаб қўйиш ҳақидаги қонун лойиҳасини депутатлар тасдиқлаб берган эди.
Янги таҳрирга кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларини фото ва видеотасвирлар орқали обрўсизлантириш мақсадида, яъни ёлғон, ноаниқ ёки бузиб кўрсатилган маълумотлар интернетга жойлаштирилмаслиги керак.
Агар жойлаштирувчи фуқаронинг мақсади ИИБ ходимларини обрўсизлантириш бўлса, у 15 суткагача қамалади.
Депутат Дониёр Ғаниев Жиноят кодексида обрўсизлантиришга оид (202-2) модда борлигини айтиб, маълум бир касб эгалари учун алоҳида модда қўшиш шартми, деган саволни ўртага қўйган, аммо бунга ҳам бошқа депутатлар эътибор бермаган. Ушбу қонун лойиҳаси ижтимоий тармоқларда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди.
Киритилган қонун лойиҳаси ИИО ҳақидаги қонун ва амалдаги Конституцияга қарши келмаяптими?
Ички ишлар органлари ҳақидаги қонуннинг 9-моддаси:
"Ички ишлар органлари ўз фаолиятини очиқ ва шаффоф тарзда, давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, бошқа ташкилотлар ва фуқаролар, шунингдек оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликда амалга оширади.
Жисмоний ва юридик шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда ички ишлар органларининг фаолияти ҳақида, шунингдек жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларига бевосита дахлдор бўлган ҳаққоний ахборотни олиш ҳуқуқига эга, фойдаланилиши қонун билан чекланган ахборот бундан мустасно".
Амалдаги конституциянинг 33-моддаси:
"Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга. Ҳар ким исталган ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқига эга".
ИИВ маъмурий ва жиноий кодексларга йўл ҳаракати бўйича ўзгартиришлар киритиш баҳонасида, шу кичик нормани ҳам киритиб кетган. Агар бу лойиҳани Сенат қайтарса, йўл ҳаракати бўйича жарима баллари-ю бошқа қоидалар ҳам бирга ортга сурилиши мумкин эди.
20 декабрь куни ўтказилган сенатнинг 48-ялпи мажлисида ички ишлар органлари ходимларини ўз хизмат вақтида фото ва видео тасвирга олганларни 15 суткага қамаб қўйиш ҳақидаги қонун лойиҳаси ҳозирча кўрилмади.
Маълумот учун, мазкур ИИБ ходимларини тасвирга олганларни 15 суткагача қамаб қўйиш ҳақидаги қоида ушбу соҳага тегишли бўлмаса-да, “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизимини такомиллаштириш муносабати билан кодексларга ўзгартиришлар киритиш тўғрисида"ги қонун лойиҳасига киритилган эди. Сенат бу борада бироз адолатни тикламоқчи бўлган ёки доимгидек муҳокамаларга сабаб бўлган мавзуларни жамоатчилик унутишини кутяпти.