Сергелида портлаган омборхонадаги буюмлар импорт товарлари бўлган

25.12.2023 11:07

Сергели туманида портлаган омборхона хусусий эканлиги айтилган, лекин ичидаги товарлар ҳақида маълумот берилмади. Бу бўйича аниқ маълумот борми? 

Rost24.uz мухбирининг ушбу саволига Божхона қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Илҳом Мухторов қуйидагича жавоб берди:

"Сергелидаги омборхона ҳудуди жуда катта. У ерда омборлар қурилган ва кўплаб тадбиркорларга ижарага берилган. Ижтимоий тармоқларда божхона портлаб кетди, божхона омборида юк ёниб кетди, деган хабарлар тарқалди. У ерда ҳақиқатдан божхона омбори жойлашган бўлган. Божхона омборидаги товарлар умуман зарар кўрмаган. Божхона омборининг яқинидаги бинода ёнғин ҳосил бўлган. Буларни оммавий ахборот воситаларидан кўрдик. Шу масалада айтиб ўтиш керакки, "Божхона омбори" дегани фақат божхонага тегишли омбор эмас. Бу нарсани нафақат оддий халққа, балки мансабдор шахсларга ҳам тушунтиришга ҳаракат қиляпмиз. Божхона омбори шунчаки атама ҳисобланади. Бугунга келиб, Ўзбекистонда 400 га яқин божхона омбори бор. Буларни ҳаммаси тадбиркорлик билан шуғулланадиган тадбиркорлар томонидан очилган омборлар ҳисобланади. Тадбиркорларга тегишли бўлади, фақат бу лицензия талаб қилинадиган фаолият тури ҳисобланади. Чунки у ер божхона назорати остида бўлган товарлар учун мўлжалланган бўлади. Янги йилдан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан ёниш ва портлаш хавфи бўлган товарлар назорат қилинади. У товарлар ҳақиқатдан мумкинми ёки мумкин эмасми, деган саволларга жавоб топилганидан кейин расмийлаштирув жараёнлари амалга оширилиши бўйича янги норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқиляпти. Албатта, бу нохуш ҳолат эди. Сергелида портлаган омборхонадаги товарларнинг кўпи импорт товарлар бўлган", деди И.Мухторов.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар