Харажатлар кўпайиб кетгани боис 2023 йил учун мўлжалланган Давлат бюджети лойиҳаси ўзгартирилди
Сенатнинг қирқ саккизинчи ялпи мажлисида “2023 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги Қонун кўриб чиқиб, маъқулланди.
Қонун билан:
– Илгари тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг консолидациялашган бюджети тақчиллигининг чекланган миқдори 3 фоиздан 5,5 фоизга ўзгартирилмоқда;
– Қонунда 2023 йил учун Ҳукумат номидан ва Ўзбекистон Республикасининг кафолати остида ташқи қарзларни жалб қилиш бўйича йиллик чекланган ҳажм 4,5 млрд АҚШ доллардан 5,5 млрд АҚШ долларга ўзгартирилмоқда;
– Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг йил бошида тасдиқланган харажатларига қўшимча маблағ ажратилиб, ушбу маблағлар болаларни озиқ-овқат билан таъминлашга, умумий ўрта таълим муассасаларини Финляндия тажрибаси асосидаги янги авлод дарсликлари билан таъминлашга, мактабгача таълим ташкилотлари сони ортиши ҳисобига Давлат бюджетидан ажратиладиган субсидия учун харажат қилиниши кўзда тутилган.
– Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг йил бошида тасдиқланган харажатларига қўшимча равишда маблағлар ҚҚС тўловчиси бўлган чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик хўжаликлари томонидан етиштирилган ва аҳолига сотилаётган маҳсулотларга субсидиялар учун йўналтирилмоқда;
– Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг йил бошида тасдиқланган харажатларига қўшимча равишда маблағ ажратилмоқда. Айтилишича, нафақа олувчи оилалар сони 2,1 миллиондан ошганлиги (йил бошида 1,5 млн бўлган) ҳисобига ижтимоий нафақалар учун харажатларга қўшимча 1 трлн 808 млрд сўм ажратилмоқда.
– Давлат ижтимоий соҳа объектларининг иссиқлик таъминоти тизимини давлат-хусусий шериклик асосида кўмир ёқилғисига ўтказиш ва модернизация қилиш билан боғлиқ харажатларга 500 млрд сўм ажратилмоқда.