Марказий банкка бир ой олдин ипотека банк ходимлари томонидан шикоят тарзидаги мурожаат йўлланган.
Марказий банкда 22-25/1368 рақами билан қабул қилинган мазкур шикоятда Ипотека банк раҳбарияти томонидан амалга оширилган бир қанча ноқонуний ишлар санаб ўтилган.
Унда охирги 3 ой ичида кредитлар қолдиғи 3,5 бараварга ошиб 3 триллион сўмга етганлиги айтилмоқда. Шунингдек, шикоятда суғурта компаниялари билан Ипотека банк ўртасида коррупцион келишув бўлганлиги ҳам баён этилган.
“Ажратилаётган кредитларга гаров сифатида суғурта полислари олинмоқда. Бу суғурта тўловининг бир қисми ноқонуний равишда бонус сифатида банкка қайтариб бериляпти. Бу эса суғурта шартномаларида суғурта қопламаси тўлаб берилмаслигига сабаб бўладиган, банк манфаатига тўғри келмайдиган истисно ҳолатлар киритилган бўлиб, бундай ҳолатлар кейинчалик банкка суғурта қопламаси сифатида қайтарилган маблағларни банкдан қайтариб олиш рискини ҳам келтириб чиқаради, натижада кредитлар гаровсиз қолиш хавфини келтириб чиқаради”, – дейилади шикоятда.
Мурожаатда айтилишича, Ички аудит натижаларига кўра, суғурта компанияларидан қисқа муддат ичида 33,1 миллиард сўм бонус келиб тушган экан. Бонус сифатида келган мазкур сумма эса таниш-билишлар учун ажратилган ноқонуний кредитларни ёпиш учун йўналтирилган.
Ушбу мурожаат бўйича Марказий банкдан муносабат сўрадик.
Марказий банк матбуот хизматининг маълум қилишича, “Ипотека-банк” АТИБ ходимлари томонидан йўлланган шикоят аноним мурожаат деб қабул қилинган.
Мазкур шикоят бўйича Марказий банк Ижро аппарати томонидан “Ипотека-банк” АТИБнинг ўзига йўналтирилган хатда мурожаат ўрганилиб, ўрганиш хулосаси 2023 йил 15 ноябргача муаллифларга юборилиши ҳамда бу ҳақида Марказий банкка ахборот тақдим этилиши сўралган.
Марказий банк Ахборот хизмати мазкур можаролар бўйича Ипотека банк хулосаси ҳақида ҳозирча ҳеч қандай маълумот бермади.