Маҳалладаги хотин-қизлар фаоли лавозими қанчалик ўзини оқлади?

13.12.2023 07:28

2022 йилда маҳаллаларда хотин-қизлар фаоли лавозими жорий этилган эди. Ушбу лавозимнинг жорий этилиши қайсидир маънода хотин-қизларга нисбатан зўравонлик ҳолатларини камайтириши айтилган. Лекин 2023 йилда хотин-қизларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари кўпайди. Янги жорий қилинган лавозим қанчалик ўзини оқлади?

Rost24.uz журналистининг ушбу саволига Оила ва хотин-қизлар қўмитаси бошқарма бошлиғи Ўғилой Ўрозова қуйидагича жавоб берди:

"Хотин-қизлар зўравонлигига қарши кураш фақат хотин-қизлар фаолининг ёки қўмитанинг вазифаси эмас, бу ҳамкорликда қилинадиган иш ҳисобланади. Чунки бу -  бутун дунёдаги энг глобал муаммо. Ўзбекистонда зўравонлик қилганларга нисбатан жазо чоралари кучайтирилди, янги қонунлар қабул қилинди. Бу иллатга нисбатан босқичма-босқич кураш олиб борилмоқда. Мен сизнинг хотин-қизлар фаолининг ўрни сезилмаяпти, деган фикрингизга ҳам қўшилмайман. Битта маҳаллада 10 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади, хотин-қизлар фаоли эса битта.

Бугунги кунда биз янги қабул қилинаётган қонун ва қарорларни халққа етказишга ҳаракат қиляпмиз. Мана, 829-қарорнинг қабул қилинишида ҳам бир йил давомида сенат раиси, президент ёрдамчиси бошчилигида ишчи гуруҳ тузилганди, бу қонунни ишлаб чиқишда ҳам жуда кўп қаршиликлар, муҳокамалар бўлган эди. Қонун барибир қабул қилинди. Хотин-қизлар фаолининг асосий вазифаси ҳам жамиятга шу ўзгаришларни етказишдан иборат", – деди Ўғилой Ўрозова.

Қизиқ, бутун республикага, аҳолига телевидение, радио, даврий нашрлар, ижтимоий тармоқлар орқали қайта-қайта маълум қилинган, очиқ манбаларда бемалол ўрганиш, тушуниш мумкин бўлган бир ўзгаришни жамиятга етказиш учун алоҳида бир штат очиш, алоҳида лавозим жорий қилиш керакми? Хотин-қизлар фаолининг вазифаси фақат шундан иборатми? У чиндан ҳам 10 минг атрофидаги аҳоли истиқомат қилувчи маҳаллаларда бир ўзи ҳеч иш қила олмайдиган бўлса, давлат бюджетидан маош олувчи бу лавозимнинг бизга нима кераги бор эди?  Ҳар бир ўзгаришни, қарор ва фармонларни аҳолига тушунтириш учун алоҳида лавозимлар жорий қилинса, солиқлардан маош олувчи, аммо ҳеч бир иш кўрсатмайдиган лавозимлар қанчага етиши мумкин?

Саволлар кўп. Аёлларни ҳимоя қилиш учун қонун ва қарорлар чиқарилиши яхши, уларнинг амалда қай даражада ишлаётганига эса аста-секин гувоҳ бўлиб боряпмиз.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
6
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар