3 декабрь – Халқаро ногиронларни ҳимоя қилиш куни ҳисобланади. Жамоат транспортида имконияти чекланган фуқаролар учун ўриндиқлар яратилгани, I- ва II-гуруҳ ногиронлари баъзи солиқлардан озод этилганига қарамай, ҳамон Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ишлаши ва кўчада ҳаракатланиши учун қулайликлар мавжуд эмас.
Ўзбекистонда зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа ойига атига 286 390 сўмни ташкил қилади.
Rost24.uz сайти дунёнинг бошқа ривожланган мамлакатларида ногиронлиги бўлган шахслар учун ижтимоий қўллаб-қувватловлар қандайлини ўрганди.
АҚШ
АҚШда тахминан 8,2 миллион киши ногиронлик ижтимоий нафақасини олади. Имконияти чекланган одамлар ва бахтсиз ҳодиса туфайли ногирон бўлиб қолганларга 1489 доллар (18 млн сўм)дан 3627 доллар (44 млн сўм)гача ногиронлик нафақаси берилади. Нафақа уларнинг айрим оила аъзоларига ҳам тўланади.
Япония
ESCAP маълумотларига кўра, Японияда 5,1 миллионга яқин ногиронлар яшайди. Шаҳарлар структураси имконияти чекланган одамлар учун барча қулайликларни яратган ҳолда тузилган. Ногиронликнинг баҳоланган даражасидан келиб чиққан ҳолда доимий парваришга муҳтож бўлган имконияти чекланларга ҳар йили 8 250 АҚШ доллари (101 млн сўм) гача тўланади. Ҳар йили биринчи икки фарзанд учун 1 850 АҚШ доллари (22 млн сўм) миқдоридаги пул берилади.
Германия
Германия ҳукумати ногиронлик даражасидан келиб чиқиб имконияти чекланганларга махсус тиббий ёрдам, иш қидиришда ёрдам бериш ёки ишдан бўшатишдан ҳимоя қилиш, уй ёрдамчиси ёллаш, болаларни парвариш қилиш харажатларини қўллаб-қувватлаш, эрта пенсия, паст солиқларни таклиф қилади. Агар сиз ишлай олмасангиз, ойига тахминан 1000 евро (13 млн сўм) миқдорида ижтимоий нафақа оласиз.
Нидерландия
Нидерландияда диққатга сазовор жойлар, аттракционлар ва пандуслар ногиронлар аравачасидагилар учун ажратилган жойларни ўз ичига олган ҳолда таъмирланган. Бундан ташқари, ҳукумат ногиронлар аравачасидаги одамлар учун ресторан ва меҳмонхона ҳовлиларини қулайроқ қилиш ташаббуси билан чиқди. Мамлакат бўйлаб ногиронлар аравачасида кириш мумкин бўлган йўналишларни кўрсатадиган хариталар ҳукумат томонидан ишлаб чиқилган. Шунингдек, имконияти чекланганларга энг кам иш ҳақининг 75 фоизидан кам бўлмаган миқдорда пул ҳам берилади.