Пойтахт қишга тўлиқ тайёр – мутасадди ҳисоботи

17.11.2023 11:15

2022 йилнинг қиши кўп қаватли уйларда яшовчи пойтахт аҳолисининг қишлоқ одамлари сингари ўчоқда овқат қилиши, ўтин ёқиб исиниши билан эсда қолди. Масъуллар эса, бу аномал совуқ эмас, одамлар ваҳима қиляпти, деган фикрни айтиб ўтган эди. 

Бу йилги қишда ҳам пойтахт аҳолиси ўтин ёқиб, ўчоқда овқат қиладими? Бу йил қишга тайёргарликда ўтган йилги ҳолатлар қанчалик ҳисобга олинган? 

Rost24.uz журналистининг Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги мутасаддиларига берган ушбу саволига қуйидагича жавоб берилди: 

"Қиш мавсумига Тошкент шаҳрида республика бюджетидан ҳамда маҳаллий бюджетдан 200 млрд сўм ажратилган. 11 минг 77 та хонадондан кўп қаватли уйларда 2480 тасида таъмирлаш ишлари бажарилган. Бу йилги куз-қишга тайёргарлик бўйича захирамиз мавжуд. Захирани айтадиган бўлсам, 16,5 минг тонна мазут, 246 дона насослар, 60 тонна трансформаторлар мойи захира қилиб олинди. Президентимиз 3 ва 5-қозонхоналарда бўлди. Бу ерлар қайта реконструкция қилинди. Уларни газ системасидан қўшимча мазут системасига ўтказиш ишлари ҳам тўлақонли бажарилди. Бу параллел олиб борилади. Агар газ пасайиб қоладиган бўлса, мазут билан тўлақонли иссиқлик тизимини таъминлаб бера оламиз", деди Тошкент шаҳар уй-жой коммунал хўжалиги бошқармаси бошлиғи ўринбосари Шерзод Эгамбердиев. 

Масъуллар сўзларига кўра, ҳисоботлар ва сўзларда ҳамма нарса тайёр. Тайёргарлик қай даражада эканлигини келаётган қиш намоён қилади.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
1
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар