Бош прокуратура ижтимоий тармоқларида айтилмайдиган коррупциялар

14.11.2023 09:44

Жорий йил ноябрь ойида бир нечта прокуратура ходимлари пора билан қўлга олингани ҳақидаги хабарлар ижтимоий тармоқларда тарқалди. Аммо прокуратура ходимлари билан боғлиқ жиноятлар Бош прокуратура тармоқларида кўриниш бермади.

Жумладан;

7 ноябрда ДХХ Андижонда гумонланувчига ёрдам бериш эвазига $5 минг олган терговчи ва бунга кўрсатма берган прокурор ўринбосарини ушлаганини маълум қилди. Андижон вилоятида фуқарога нисбатан фирибгарлик ва пора бериш айблови билан жиноят иши очилган. Хўжаобод тумани прокуратураси терговчиси эса гумонланувчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўлламаслик ва терговда енгиллик бериш эвазига 5 минг доллар талаб қилган.

Самарқанд вилоятида эса Пастдарғом тумани прокурори ёрдамчиси жиноят ишида айбланувчи фуқарога ёрдам бериш эвазига унинг қариндошларидан 3 минг доллар сўраган. Бунинг эвазига  прокурор ёрдамчиси фуқарога суд жараёнида енгиллик қилиши ва суд идораларида ишловчи танишлари орқали уни қамоқдан чиқариши керак бўлган.

ДХХ Самарқанд шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда прокурор ёрдамчисини сўралган пулдан $2,5 мингини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушлаган.

Ҳолат юзасидан мазкур мансабдор шахсга нисбатан вилоят прокуратураси Жиноят кодексининг 168- ва 211-моддалари билан жиноят иши қўзғатди. Унга қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланди.

Шунингдек, жорий йилнинг май ойида Бош прокуратура бошқарма катта прокурори Э.А. ва Тошкент шаҳар Учтепа тумани прокуратураси терговчиси А.Д.лар жиноят иши бўйича гумонланувчи сифатида, процессуал тартибда ушланган.

Коррупция билан боғлиқ мазкур ҳолатлар Бош прокуратура веб-сайти, иккита телеграм канали ва бошқа ижтимоий тармоқларида прокуратура ходимларининг жиноят устида қўлга олингани ҳақидаги хабарлар мавжуд эмас.

Ҳаттоки, Бош прокуратура Матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг прокуратура фаолияти билан боғлиқ блогида ҳам ҳеч қандай маълумот берилмаган.

Бироқ, прокуратура тармоқларида бошқа соҳа вакилларининг пора билан қўлга олингани ҳақидаги хабарларини бемалол топиш мумкин.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
3
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар