Араб ва мусулмон давлатлари етакчилари 11 ноябрь кунги саммитда Ғазога ҳужумни зудлик билан тўхтатишга чақириб, Исроилнинг фаластинликларга қарши ҳаракатларини ўзини-ўзи мудофаа қилиш сифатидаги оқловини рад этишди.
Ар-Риёдда ташкил этилган йиғилишга Эрон президенти Иброҳим Раисий, Туркия президенти Тоййиб Эрдўғон, Қатар амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ал Соний ва бу йил Араб Лигасига қайтадан қабул қилинган Сурия президенти Башар ал-Ассад каби ўнлаб етакчилар ташриф буюрди. Ўзбекистон номидан Бош вазир Абдулла Арипов иштирок этди.
Мазкур фавқулодда қўшма саммит иштирокчилари Халқаро Жиноий Судни “Исроил томонидан Фаластин ҳудудида содир этаётган уруш жиноятлари ва инсониятга қарши жиноятлар”ни тергов қилишга чақирди.
Мусулмон-араб мамлакатлари етакчиларининг саммитда сўзлаган нутқидан иқтибослар:
Саудия Арабистони Шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон: "Хавфсизлик Кенгаши ва халқаро ҳамжамият Исроилнинг халқаро қонунларни қўпол равишда бузишига чек қўя олмаганини исботловчи гуманитар фалокатга дуч келдик. Фаластиндаги биродарларимизга қарши олиб борилаётган бу ваҳший урушни қоралаймиз ва қатъиян рад этамиз”.
Фаластин президенти Маҳмуд Аббос: "Фаластинликлар геноцид уруши олдида турибди, Қўшма Штатларни Исроил тажовузини тўхтатишга чақирамиз".
Эрон президенти Иброҳим Раисий: "Исроилга қаршилик кўрсатишдан бошқа йўл йўқ. Биз ҲАМАСнинг Исроилга қарши қаршилик кўрсатгани учун қўлларини ўпамиз. Исломий мамлакатларни Исроилнинг нефть ва товарларига қарши санкциялар жорий этишга чақирамиз ".
Туркия президенти Эрдўғон: "Бизга Ғазода бир-икки соатлик пауза эмас, балки доимий ўт очишни тўхтатиш керак".
Қатар амири Тамим бин Ҳамад: "Халқаро ҳамжамият қачонгача Исроилга халқаро қонунлардан устундек муносабатда бўлади?"
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов: "Биз Фаластин билан бирга эканимизни яна бир бор қатъий билдирамиз. Ўзбекистон Фаластиннинг БМТ ва Ислом Ҳамкорлик Ташкилотининг муқаддам қабул қилинган резолюцияларига мувофиқ ўз мустақил давлатини барпо этиш ҳуқуқини қўллаб қувватлайди".