Таълимга ажратилаётган маблағ ўзини оқламаяпти – Алишер Қодиров

08.11.2023 17:47

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бугунги мажлисида ЎзМТДП фракцияси раҳбари Алишер Қодиров таълим-тарбия соҳасига алоҳида тўхталиб, бу тизимга ажратилаётган маблағлар кутилаётган натижаларни бермаётганини таъкидлади

“Таълим-тарбия тизимига йўналтирилаётган маблағлар қарийб 3 баробар оширилгани қувонарли ҳол. Аммо ушбу ажратилаётган маблағлар самарадорлигини ошириш лозим.   

Соҳа учун бюджет маблағлари камаймаяпти. Аммо яратилаётган шароит келажакка янги умидларни уйғотмаяпти. Яъни, таълимга берилаётган маблағ кутилаётган натижаларни бермаяпти. Ўтган йили ОТМларга топширган абитуриентларнинг 50 фоизга яқини ҳатто 2 баҳога лойиқ натижани кўрсатмади», – деди А.Қодиров 

ЎзМТДП фракцияси раҳбари Алишер Қодиров келгуси йилги Бюджетномада Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига ажратилаётган маблағларнинг 80 фоизи ўқитувчиларнинг ойлиги учун йўналтирилганини 500 мингга яқин ўқитувчининг ойлиги учун 35 триллион сўм маблағ ажратилганига алоҳида урғу берди.

“Таҳлилларга қараганда, мактабларда 10-15 фоиз ортиқча, яъни зарурат бўлмаган ўқитувчи ишлаяпти. 35 триллион пулнинг маълум бир қисмини МТТга ҳам йўналтиришимиз керак. Боғчаларда 30-35 та болага 1 та тарбиячи тўғри келяпти. Тизимдаги олий маълумотга эга тарбиячилар бор-йўғи 25-30 фоизни ташкил қилаяпти. Боғча тарбиячиларининг ойликларини ҳам ошириш лозим. Жаҳон стандартларига мос равишда 10-15 та болага битта тарбиячини бириктириш ҳақида ўйлашимиз керак, – деди Алишер Қодиров.   

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
6
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар