Ўзбекистон президенти автобус ҳайдовчиларига қўйиладиган кунлик режани танқид қилиб, унинг бекор қилиниши, автобус ҳайдовчиларининг иш ҳақи оширилиши ҳақида топшириқ берган эди. Бу топшириқ амалда бажарилдими?
Rost24.uz сайти президентнинг ушбу буйруғи юзасидан савол билан мутасаддиларга мурожаат қилди.
"Юқорида айтиб ўтилганидек, бу қарор бўйича назоратчилар жорий этилиши керак. Назоратчилар жорий этилганида босқичма-босқич чиптачилардан воз кечилиб, аҳолининг тўлов маданияти шакллангандан сўнг босқичма-босқич биттадан йўналишда кунлик мажбуриятни тўхтатиб борамиз.
Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида режа ва чиптачилар иши бекор қилинганидан кейин тушумлар 47 фоизга камайиб кетди. Бу дегани, давлат учун жуда катта зарар дегани.
Одамлар ўзи тўлаётган пуллари жамоат транспортини яхшилашга йўналтирилишини тушуниб етганидан кейин кунлик режалардан, албатта, босқичма-босқич воз кечамиз", — дея жавоб берди Транспорт тизимини комплекс ривожлантириш лойиҳа офиси раҳбари Мурод Обидов.