Сардор Умрзоқов сиёсий саҳнадан кетдими?

31.10.2023 11:21

2022 йилнинг июль ойидан Президент администрацияси раҳбари лавозимида ишлаб келган Сардор Умрзоқов 2023 йилнинг август ойида шов-шувлар билан Президентнинг махсус топшириқлар бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланган эди. Амалда аввалдан ушбу лавозим бўлмаганлиги сабабли, ҳозиргача Сардор Умрзоқов ушбу лавозимда қандай вазифани бажараётгани ёки бажариши жамоатчилик олдида очиқ савол бўлиб турибди.

Сардор Умрзоқов

Сардор Умрзоқов ПА раҳбари лавозимидан кетганидан сўнг, унинг жамоасидагилар, яъни Суннатилла Беканов, Фурқат Раҳимов, Азиз Воитовлар ҳам ўз эгаллаб турган лавозимларидан озод этилди.

Суннатилла Беканов собиқ ПА раҳбари Сардор Умрзоқовнинг ёрдамчиси лавозимида ишлаган ва Умрзоқов кетгач, у ҳам ишдан олинди. Администрациянинг ижро аппарати таҳлилий матераилларни тайёрлаш ва администрация бўлинмалари фаолиятини мувофиқлаштириш шўъбаси мудири Фурқат Раҳимов ҳам Умрзоқов ПАдан кетгач, вазифасидан озод этилди.

Яқинда Президентнинг тегишли қарори билан Қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов ҳам лавозимидан озод этилди, у нима сабабдан лавозимидан олингани, ҳозирда қайси лавозимга тайинлангани ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ.

Шунингдек, Сардор Умрзоқов жамоасидаги юқорида тилга олинган Суннатилла Беканов ва Фурқат Раҳимовларнинг ҳам айни пайтда лавозимга тайинланган ёки тайинланмагани мавҳумлигича қолмоқда.

Сардор Умрзоқов инвестициялар ва ташқи савдо вазири лавозимида ишлаган пайтида Азиз Воитов, Суннатилла Беканов ва Фурқат Раҳимовлар унинг ўринбосарлари бўлишган.

Зайнилобиддин Низомиддинов

Сардор Умрзоқовдан олдин ПА раҳбари лавозимида ишлаган Зайнилобиддин Низомиддиновнинг ҳам лавозимдан кетишида Сардор Умрзоқовнинг ишдан кетишига ўхшаш вазият бўлган эди. Аммо Умрзоқовнинг лавозими “Махсус топшириқлар бўйича президент маслаҳатчиси” лавозимига ўзгарган бўлса, Низомиддинов соғлиғидаги муаммолар сабаб ишдан кетганлиги айтилган, кейинчалик баъзи манбалар унинг ишдан кетишига Қорақалпоғистондаги воқеалар сабаб бўлгани ҳақида гапиришган эди.

Шунингдек, Низомиддинов Президент администрацияси раҳбари лавозимини тарк этган биринчи раҳбар ҳисобланади. Низомиддиновнинг ҳозирда қуйироқда бўлса-да, тайин иш жойи бор. У Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси раиси Қудратилла Рафиқовнинг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келмоқда.

ПАнинг собиқ раҳбари Сардор Умрзоқовнинг сиёсий майдонда кўринмай қолганининг сабаби ва янги тайинланган лавозимда нима вазифаларни бажариши ҳам тез орада жамоатчиликка ошкор қилинса керак. Ҳарқалай кеча ПАда бир қанча тайинловлар бўлди.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
8
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар