Ўзбекистонда айрим йирик ва майда медиа ахборот воситаларининг давлат улуши сотилмоқда. Яъни, Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан келтирилган маълумотга кўра, бир қанча нашриёт, газета ва кабель телевидениелари очиқ сотувга қўйилган.
Сотувга чиқарилган ахборот технологиялари йўналишидаги муассасалар ичида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви Миллий агентлигига тегишли «Infocom.uz», Давлат активларини бошқариш агентлигига 50 фоизи қарашли бўлган «Uzdigital TV» МЧЖ каби йирик ташкилотлар ҳам бор.
Шунингдек, савдода йирик компаниялар билан биргаликда, кўпчилик томонидан бугунги ОАВнинг замонавий талабларига жавоб бера олмаяпти, дея талқин қилинаётган газета ва журналлар ҳам ўрин олган.
«Маърифат», «Тошкент ҳақиқати», «Тошкент оқшоми», “Постда”, «Хабар» газетаси ДУК шулар жумласидандир. Бундан ташқари айрим давлат нашриётлари, хусусан, «Маънавият нашриёти» ДУК ҳам очиқ савдога қўйилган.
Давлат улуши сотилаётган нашриёт, кабель телевидениеси ва газеталарнинг умумий сони 200 га яқин.