Лондон автомобиллар тирбандлигига қарши қандай курашган?

29.10.2023 09:19

Дунёдаги энг гавжум шаҳарлардан бири — Лондондаги тирбандлик муаммосини ҳал қилишда бозор мантиғини қўллаш самара берган: шаҳарда тирбандлик авж оладиган соатларда машина ҳайдаш нархи ошириб қўйилган.

Ҳукумат 2003 йилда соат 7:00 дан 18:30 гача бўлган вақт оралиғида Лондон марказидаги тахминан 21 км.кв.лик ҳудудга кирадиган барча ҳайдовчилар учун 8 доллар миқдорида тўлов белгилади.

2005 йилда бу тўлов 13 долларга оширилди, 2007 йилда эса тўлов эвазига кириладиган ҳудуд кенгайтирилди. Деярли 700 та жойда камералар ўрнатилиб, тўлов қилмасдан машина ҳайдаганларга 130 доллар миқдорида жарима солинди.

Дастур ишга тушганидан бир ой ўтиб олинган натижалар ҳаммани ҳайратлантирди: 
— Шаҳарда транспорт ҳаракати 20 фоизга камайди;
— Тирбандлик ҳудуди деб аталадиган йўлларда ўртача тезлик икки баравар ошди;
— Автобуслар кечикиши икки баравар камайиб, автобусдан фойдаланадиганлар сони 14 фоизга кўпайди.

Бу қандай юз берган?

Юқори нархлар талабни пасайтириб, баъзи ҳайдовчиларни камроқ машина ҳайдашга ундаган ва йўллардаги вазият яхшиланган.

Йўлларда машиналар камайгани сабабли жамоат транспорти Лондон кўчаларида тезроқ ҳаракатлана бошлаган ва бу ҳолат шахсий автомобилдан фойдаланишга зарурат қолдирмаган.

Иқтисодчиларнинг фикрича, йўлларни кенгайтириш, қўшимча кўприклар қуриш ва шунга ўхшаш чоралар тирбандликка ечим бўла олмайди, аксинча, автоуловдан фойдаланишни рағбатлантиради ва оқибатда тирбандликнинг янада ортишига олиб келади.

«Яланғоч иқтисодиёт» китобидан

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
3
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар