Бесамар сарфланаётган миллиардлар – яна алифбо ислоҳоти

21.10.2023 11:23

Алифбодаги 4 та Sh, Ch, Oʻ, Gʻ ҳарфларини ўзгартириш бўйича берилган таклифлар ижтимоий тармоқларда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди. Бу ўзгаришларни кўплаб журналист, блогерлар ҳам ёқлаб чиқди.

30 йил йил олдин бошланган бу ислоҳот ҳозиргача ўзгармай келмоқда. Аслида юридик жиҳатдан лотин алифбосига ўтиш 2010 йилда якунланган. Аммо биз ҳали ҳам кирилл, лотин ва янги ўзгараётган алифбо орасида аросатда юрибмиз.

Алифбодаги 4 та ҳарф ўзгаришини кўпчилик катта ислоҳот эмас, дея баҳолади. Лекин бу ҳозирги лотин ва кирилл орасида сарсон бўлаётган авлоднинг саводсизлик даражасини қайси даражага олиб боради ёки бу йил янги чиқарилган дарсликларни чиқарган нашриёт яна китобларни қайтадан чиқармайдими? Бюджет пулларини ҳисобсиз ишлатаётган амалдорлар учун алифбо ислоҳати янги бир баҳона бўлиб қолмасмикан? Балки шу 4 та ҳарфни ёзилишини техник жиҳатдан қулай қилиш йўли ҳам бордир. Солиқ тўловчилар пулини мақсадли ишлатишни бизнинг амалдорлар қачон ўрганар экан? Алифбо ислоҳатига эҳтиёж бормиди?

Rost24.uz ушбу мавзуда жамоатчилик фикрини ўрганди. Аҳолининг фикрлари эса турлича бўлди:

— ўзгариш киритиш шунчаки ўқувчилар миясини чалғитишга сабаб бўлмоқда; 
— дарсликлардан фойдаланишда яна қийинчиликлар бўлади; 
— саводсизликни оширади; 
— қўшимча харажат бўлади; 
— шу ҳолида қолгани яхши; 
— таклиф қилинаётган баъзи ҳарфлар турк алифбосида бор каби фикрларни айтиб ўтди.

Бугун ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 34 йил бўлди. Шунча вақт давомида аҳоли кирилл алифбосидан лотин алифбосига тўлиқ ўта олдими? Бу борада ҳам жамоатчиликка савол берганимизда асосий ёш қатлам лотин алифбоси қулайлигини, ёши катталар эса кирилл алифбосидан воз кеча олмаганини айтиб ўтди. Баъзилари эса вазият тақозоси билангина лотин алифбосини ўрганган.

Янги ва қулайлаштириш ислоҳати саводсизликка олиб бориши ва яна бесамар сарфланаётган халқнинг пулларига бориб тақалишини ҳисобга олса, яхшилаб ўйлаб қарор қабул қилиш мақсадга мувофиқ бўлади.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
3
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар