Россия Давлат Думаси депутати Михаил Делягин Ўзбекистон расмийларини Россиядан фуқароларини олиб кетишга чақирди.
Аввалроқ Ўзбекистон президенти маслаҳатчиси Қаҳрамон Қуранбоев Россия ҳукуматидан мамлакатда мигрант болалар учун боғча ва мактаблар очишга ёрдам беришни сўрагани ҳақида хабар бергандик.
“Говорит Москва” радиосига берган интервьюсида депутат Михаил Делягин бу таклифни ноқонуний, деб атаган.
«Ўзбекистон президентининг маслаҳатчиси Россия Конституцияси ҳақида ҳеч нарса эшитмаган бўлса керак. Унда одамларни миллатига кўра камситиш тақиқланган. Фақат мигрант болалар учун мактаблар очиш Россия Федерацияси фуқароларига нисбатан камситиш эканлиги аниқ. Бу Россияни йўқ қилишга, аввал бегона, кейин эса душман анклавларни яратишга қаратилган, атайлаб олиб борилган сиёсатдир. Менимча, Ўзбекистон, албатта, болалар боғчалари ва мактабларни қуриши керак, лекин фақат ўз ҳудудида. Аслида, улар Россияга кириб келган мигрантларни қайтариб олиб кетишлари лозим», — деган россиялик депутат.