Ўзбекистон Президенти маслаҳатчиси Қаҳрамон Қуранбоев Россия Давлат Думаси вице-спикери Владислав Даванков билан учрашувда, Россияда ўзбек диаспораси вакиллари ҳисобидан республикадан келган меҳнат муҳожирлари фарзандлари учун хусусий боғчалар ва мактаблар очишга ёрдам беришни сўради.
«Сиздан Россия қонунчилигига мос келадиган ўқув дастурлари бўйича [ўзбек] ватандошлар ҳисобидан мактабгача таълим муассасалари ва хусусий мактаблар очиш масаласини кўриб чиқишингизни сўраймиз», — деди Президенти маслаҳатчиси.
Қуранбоевнинг сўзларига кўра, бу сўров Россияда меҳнат қилаётган, қарамоғида фарзандлари бор ўзбекистонлик ишчиларнинг болаларини боғча ва мактабларга қамраб олишда муайян қийинчиликларга дуч келаётгани билан боғлиқ.
Шунингдек, йиғилишда Қаҳрамон Қуранбоев Россияга келаётган Ўзбекистон ёш фуқаролари учун миграция тартиб-таомилларини соддалаштириш масаласини ҳам қонунчилик даражасида кўриб чиқишни сўраган.
Бундан ташқари, маслаҳатчи: «Ўрта касб-ҳунар таълимини ривожлантириш ва уни Ўзбекистонда жорий этиш бўйича Россия тажрибасини ўрганишни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз», — дея қўшимча қилган.
Маълумотларга кўра, ҳозирда хорижда доимий асосда меҳнат қилаётган Ўзбекистон фуқаролари сони 2 миллион кишидан ошади, уларнинг 60 фоиздан ортиғи Россияда меҳнат қилмоқда.
2022 йилнинг ўзида ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ватанга 20 миллиард долларга яқин пул ўтказган, ўтказмаларнинг 80 фоиздан ортиғи Россиядан ўтказилган.