“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ бошқарув раисининг биринчи ўринбосари вазиятдан чиқиш учун ёлғон гапиришга мажбур бўлдими?
Ошаётган нархлар ва бундан норози истеъмолчилар саволлари долзарблашаётган бир пайтда, бугун “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти томонидан ОАВ вакиллари учун матбуот анжумани ўтказилди.
Анжуманда “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти бошқарув раисининг биринчи ўринбосари Ҳикматулло Рахметов кассада чипталар йўқлигига расмий изоҳ берди.
Рахметовга кўра, чипта нархлари ҳаддан ортиқ арзон бўлганлиги сабабли чипталар чайқовчилар томонидан қимматига сотиб олинмоқда экан.
“Доим бизни танқид қиласиз, билет йўқ, лекин кўчада одамлар қўлидан қимматига олиш мумкин, дейсиз. Ҳозир мен сизга бунинг сабабини айтсам, тушуниб қоласизки, яна биз халққа яхшилик қиламиз деб шу ҳолатга келиб қолганмиз. Билетларимиз шу даражада арзонки, чайқовчилар билетларни сотиб олаверади. Шу даражада арзон. Мен буни кейин тушуниб қолдим. Чипталарни қимматига сотади, бунинг устидан ҳар бир билетдан 100-150 минг ишлаб олади. Агар сотолмаса, поезд кетишидан аввал билетларни топширади, 15 минг сўм жарима тўлайди, шу даражада арзон бўлгани учун қилади. Биз бу билан коррупцияга ўзимиз йўл очиб беряпмиз”, дейди Ҳ.Рахметов.
Энди Ҳикматулло Рахметовга савол, сотилаётган чипталарнинг ҳар бири паспорт маълумотларига кўра расмийлаштирилмайдими? Чиптада йўловчининг исм-фамилияси, маълумотлари ёзилмайдими, вокзал ходимлари ҳар бир йўловчининг ҳужжати билан солиштириб кўриб киритмайдими? Сизнинг чипталарингиз кино ёки концерт чиптаси эдимики, аввал бир дастасини олиб қўйиб, кейин сотиш мумкин бўлса? Балки муаммони “чипталарнинг арзонлигидан” деган баҳонага мажбуран ёпиштирмай, камида ўз ходимларингиздан қидириб кўрарсиз? Чипталарнинг нархи хорижий меҳмонла uchр ёки саёҳат истагида чиққан фуқароларимиз учун балки арзон эди, аммо ундан доимий қатнаб фойдаланувчи ишчи ходимлар ва талабалар икки баравар ошган нархлардан бемалол фойдалана олармикан?