Россия энергетика тизими мамлакатга киритилган санкциялар ва Европа давлатларининг Россия энергия манбаларидан воз кечишига қарамай барқарорликни сақлаб қолди. Кейинги босқич Осиё мамлакатларига энергия етказиб беришни кенгайтириш ва саноатнинг мутлақ суверенитетига эришиш бўлади, деди Россия президенти Владимир Путин Россия энергетика ҳафталигининг ялпи мажлисида.
Шунингдек, Россия раҳбари Қозоғистон орқали ўтувчи “Марказий Осиё – Марказ” газ транспорти тизими орқали Ўзбекистонга Россия газини етказиб бериш бошланганига ҳам изоҳ берди.
«Бу эски газ қувури. (У орқали) 80 миллиард куб метр (ҳажимдаги газ) саккиз иттифоқ республикасига транзит қилинган. У ҳеч қачон тескари режимда ишлатилмаган, яъни Россиядан ушбу республикаларга. (Россиянинг) “Газпром” компанияси уч ой ишлади ҳамда Ўзбекистон ва Қозоғистон билан бирга ушбу йўналишни тиклаб, тескари режимда ишга туширди. Бу кичик (газ) ҳажмлар республикалар учун катта аҳамиятга эга, бироқ уларнинг иқтисодлари ўсиб бориши учун етарли эмас», — деди Россия президенти.
Бундан ташқари, Путин Россия Эронга газ етказиб беришни муҳокама қилаётганига ишора қилди: «Эронлик ҳамкорлар биз билан Россия газини Эрон бозорига етказиб бериш имкониятларини ҳам муҳокама қилмоқда», — деди у.