Исроил-Фаластин можароси: рост ҳақиқатни ҳам айтиб туриш керак

12.10.2023 08:08

Фаластин элчиси BBC ва бошқа йирик медиаларни Исроилга ёнбосишда айблади.

Фаластиннинг Британиядаги элчиси Ҳусам Зомлот Би-Би-Си (BBC) телерадиокомпаниясининг жонли эфирида суҳбатдош журналистнинг «Тинч аҳолини ўлдираётгани учун фақат Исроилни қораладингиз, тинч аҳолини ўлдираётган ҲАМАСни эса қораламайсиз?» деган мазмунда берган саволига жавоб берар экан, йирик медиаларни Исроил-Фаластин можароларини нохолис ёритишда айблади: 

Ҳусам Зомлот

— Луис, Исроил расмийларидан неча марта интервью олгансиз? Юзлаб марта! Исроил шундоқ камераларингиз қаршида неча марта ҳарбий жиноятлар содир этган? Сиз улар билан интервьюларни ҳам ўзларининг ҳаракатларини қоралашларини сўрашдан бошлайсизми? Йўқ, ундай қилмайсиз. 

Биласизми, мен нега бу саволингизга жавоб беришдан бош тортдим, чунки мен бу саволнинг мазмунини рад этаман. Чунки бу саволнинг тагида бўлаётган воқеаларни нотўғри талқин қилиш ётибди. Чунки доим фаластинликлардан ўзларини ўзлари қоралаш талаб қилинади. BBC ва бошқа асосий медиалар 75 йил давомида шундай қилиб келади. Исроилликлар ўлдирилган пайтларда бизни интервьюга чақирасизлар. Охирги ойларда ғарбий соҳилда 200 дан ортиқ фаластинлик ўлдирилганда нега мени шу ерга чақирмадингиз? Исроил Қуддусда ва бошқа жойларда шунга ўхшаш провакациялар қилса мени чақирармидингиз? 

Охирги 48 соат ичида Исроилнинг бошига тушган фожиаларини Фаластин 50-70 йилдан буён ҳар куни бошдан кечиради. Сиз, Ғазодаги вазиятни биласиз, ҳозиргина уни тасвирлаб бердингиз. Ғазо — очиқ осмон остидаги энг катта қамоқхона. У ердаги 2 миллион киши 16 йилдан бери Исроил томонидан асирликка олинган. Мен айтмоқчи бўлган гап шуки, бу риторикадан, бундай хавфли фикрлаш қолипидан воз кечиш вақти келди. Одамларга баъзан хунук бўлса-да рост ҳақиқатни айтиб туриш ҳам керак», — деди Фаластиннинг Британиядаги элчиси. (Kun.uz таржимаси).

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
3
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар