“Ботаника боғи” ҳудуди ҳам хавф остида қолиши мумкин.
Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан ишлаб чиқилиб, Бош вазир А.Арипов имзолаган қарор лойиҳасига кўра, Ўзбекистондаги барча истироҳат боғлари (196 та) ҳокимликлар ҳузурида тузиладиган “Истироҳат боғларини бошқариш дирекцияси”га ўтказилади.
Ушбу дирекцияларга истироҳат боғларида савдо қилиш, пуллик хизмат кўрсатиш, объект ва ер участкаларини ижарага бериш ваколати берилмоқда
Лойиҳада назарда тутилаётган 196 та истироҳат боғлари ичида Ўзбекистондаги энг йирик боғ ҳисобланадиган, ҳозиргача Фанлар академиясига қарашли бўлган “Ботаника боғи” ҳам бор.
«Афсуски ўтмишда “Ботаника боғи” ҳудудига Тошкентнинг кўплаб собиқ ҳокимлари ҳам кўз олайтиришган. Агар боғ ҳокимиятга ўтса, у олимлар қарамоғидаги табиат дунёси объектидан, бизнес объектига айланади. Ва дарахтзор ўрни қурилиш майдонига айланади. Чунки ҳоким ва унинг жамоасида бундан ортиқ иш қилишга салоҳиятнинг ўзи йўқ. Мақсад: “соққа” қилиш», — деб ёзади собиқ депутат Расул Кушербаев.
Маълумот учун, мазкур қарор бажарилишини назорат қилиш Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов зиммасига юклатилган.