“Ҳудудий электр тармоқлари”га савол: ўтган йилги вазият такрорланмайдими?

29.09.2023 13:17

Ўтган қиш мавсумидаги аномал совуқ фавқулодда ҳолатларга Ўзбекистон қай даражада тайёр эканлигини кўрсатиб қўйди. Буни пойтахтда кўп қаватли уйларда истиқомат қилувчи фуқароларнинг кўчада ўтин ёқиб исинмоқчи бўлганидан ҳам билиш мумкин. Хўш, бу йил вазият қандай бўлади?  

26 сентябр куни Фавқулодда вазиятлар ва уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирликлари, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ва “Ҳудудгазтаъминот” АЖ ҳамкорлигида “Куз-қиш мавзумида юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, ёнғин хавфсизлиги профилактикаси” мавзусида матбуот ажумани ўтказилди.

Rost24.uz мухбири йил бошида “Ҳудудий электр тармоқлари” масъулидан “Аномал совуққа энергетика тизими қанчалик тайёр?” деган саволни берган эди. Масъул эса бунга жавобан тизимда муаммо йўқ, агар муаммо бўлиб тизимда авария ҳолатлари пайдо бўлса улар 2 соатда бартараф этилади деганди.

Бундан ташқари, Энергетика вазирлиги масъули ҳам ҳудудларда 2 соатдан ортиқ вақтда электр энергияси узулса, чора кўрилишини айтган эди.

Матбуот анжуманида масъуллар бу йилги аномал совуқ учун жуда яхши тайёргарлик кўрилганини, ҳатто баъзи тармоқлар бутунлай янгиланганини ҳам маълум қилди.

Rost24.uz мухбири масъуллардан агар бу йил ҳам 2 соатдан кўп электр энергияси узулса қандай чоралар кўрилиши ҳақида сўради. Саволда Пойтахтнинг Чилонзор тумани мисол қилиб келтирилган.

“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ раиси ўринбосари Дилшод Носиров бу йил қишга ҳозирдан тайёргарлик кўрилганини исботлаш учун бир қанча рақамларни ҳам келтириб ўтди:

«Аномал совуқ пайтида Чилонзор туманида ҳақиқатда вазият оғир бўлди. Бугунги кунда Чилонзор туманини ўзида аномал совуқдан келиб чиққан ҳолда 88,3 км тармоқлар ҳамда 23 дона трансформаторлар янгиланди. Аномал совуқ кириб келганда иссиқлик тизими, газ босими тушиб кетиши сабаб бутун юк трансформаторларга тушган. Бундан ташқари 1424 авария бригадалари ташкил қилинган, 1000 дан ошиқ техника ва тун-у кун навбатчилик ҳам тайёр. Аномал совуқнинг энг оғири Тошкент шаҳрида бўлди», — деди Д.Носиров.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар