Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов журналистлардан “Антиструмин” мавзусига чуқур кирмасликни сўради.
Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов 26 сентябрь куни журналистлар билан учрашган.
Суҳбат давомида вазир журналистларга қарийб 22 млрд сўмга харид қилинган “Антиструмин” дориси мавзусига чуқур кирмасликни маслаҳат берган. Бу ҳақда Газета.uz нашри хабар қилди.
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги “Samo” компаниясидан тендерсиз 3,55 млн қути “Антиструмин” (калий йодид) препаратини қарийб 22 млрд сўмга сотиб олгани ҳақида маълумотлар пайдо бўлганди. Унга кўра, 2022 йилда дорининг бир қадоғи 5500 сўмдан харид қилинган бўлса, жорий йилда 6500 сўмдан сотиб олинган. Чакана савдода эса 3000 сўмдан сотилган.
ССВ масъуллари мазкур масалага тўхталар экан, вазирлик муассислигидаги МЧЖ “Антиструмин” дорисини сотиб олиш учун интернетда эълон берилганини айтди.
«Калий йодидни тўғридан-тўғри олиш ҳуқуқимиз бўлса-да, биз бу борада конкурс эълон қилганмиз. Энг арзон нархда сотиб олиш учун сайтда ўзбек ва рус тилларида эълон берилган. Бу эълондан келиб чиқиб, хоҳлаган иштирокчи, хорижлик бўлса ҳам, қатнашиши мумкин бўлган. Эълондан сўнг одатда бизга таклифлар келиб тушарди. Лекин бу эълондан сўнг бизга фақат “Samo” МЧЖдан таклиф келиб тушган. Фақат бир кишидан», — деган вазирлик вакили Шароф Ҳамроев.
Вазирнинг бунга қўшимча қилишича, эълонда 1000 мкг доза сўралгани учун фақат шу ишлаб чиқарувчи ушбу дозани таклиф қилолган.
Вазирлик вакилининг журналистларга маълумот беришича, “Samo” МЧЖ калий йодидни 6500 сўмдан таклиф қилгач, вазирлик вакиллари нархни тушириш бўйича илтимоснома берган. Аммо МЧЖ бунга жавоб қайтармаган. Шундан сўнг вазирлик муассислигидаги “Ўзмедимпекс” МЧЖ дорини шу нархда сотиб олишга мажбур бўлган экан.
«Биринчидан, битта нарсани илтимос қиламан. Бу мавзу билан шуғулланаётган одамлар бор. Майда, бўлмағур гаплар… Нима бўлса ҳам, ўзи текширади, ўзи жавобини беради. Бу мавзуга чуқур кирманглар. Бу билан шуғулланадиган ташкилотлар бор. Улар ҳаммасини очиқ ўрганяпти. Ижтимоий тармоқларда дорихоналарда 3 баравар арзон, у-бу деган [хабарлар] нотўғри, провокацион чиқарилган…», — деган Амрилло Иноятов.
Аввалроқ Наманганда ўзини соғлиқни сақлаш вазирининг ёрдамчиси деб таништирган шахс эса «Президент администрациясидан қўнғироқ бўлганини» айтиб, болаларнинг заҳарланиш мавзусини “ковламаслик”ни сўраганди.