Central Asian University (собиқ Akfa) университетида мазкур олийгоҳ раҳбарияти ва ота-оналар ўртасида бўлган жанжаллар видеоси тарқалди. Унда президетнинг собиқ маслаҳатчиси ҳозирда ушбу университетда фаолият юритаётган Абдужаббор Абдувоҳидов ҳам аралашган.
Central Asian University ушбу видеодаги вазиятга Расмий баёнот тарзида изоҳ берди.
Баёнотга кўра, Akfa университетининг собиқ ректори Б.Ж. томонидан 2 йил олдин таъссисчидан яширин ҳолда МЧЖ ташкил этиб, ота-оналар билан шартнома тузган.
«Шартномага мувофиқ ота-оналарга уларнинг фарзандлари мактабнинг 10−11-синфларида ўқиш билан бир вақтнинг ўзида Akfa университетининг 1-босқичини ўқиб тугатиши ва мактабни битириши биланоқ университетнинг 2-босқичига қабул қилиниши МЧЖ томонидан ваъда қилинган ва ота-оналар ушбу хизмат эвазига МЧЖ ҳисоб рақамига муайян тўловларни қилишган. Ўқувчиларни мактабда ўқиб турган вақтида университет дастурларига қабул қилиш ҳам қонунчиликка зид», – дейилади баёнотда.
Central Asian University ушбу иш юзасидан хуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, хусусан Мирзо Улуғбек туман прокуратураси томонидан жиноий иш қўзғатилганини, жабрланувчилар ҳам прокуратурага мурожаат қилишлари мумкинлигини маълум қилган.
Университет берган баёнотда қўлида шаҳодатномалари (11-синф) бўлган болаларни тез кунларда ўрнатилган тартибда университетнинг 1-босқичига қўшимча қабул қилишини ҳам эслатиб ўтган.