Осиё Олимпия кенгаши (ООК) вице-президенти Отабек Умаров Ханчжоу-2022 Осиё ўйинларида иштирок этадиган Ўзбекистон спортчилари билан учрашиб, уларга далда берди.
Миллий олимпия қўмитаси ахборот хизматининг маълум қилишича, Осиё Олимпия кенгаши вице-президенти Ханчжоу-2022 Осиё ўйинларининг Атлетлар шаҳарчасига бориб, Ўзбекистон делегациясининг штаб-квартирасини кўздан кечирган. Вице-президентга Ёшлар сиёсати ва спорт вазири Адҳам Икромов ҳамда Ойбек Қосимов бошчилигидаги МОҚ раҳбарияти ҳамроҳлик қилган.
Атлетлар шаҳарчасида мусобақаларга тайёргарлик кўраётган спортчиларимизнинг маълум қилишича, Отабек Умаровнинг шахсан ўзи учрашиб омад тилаши уларга каттагина мотивация бўлган. Мана шунинг ўзи спортчиларимиз учун Ватан байроғини янада юқори кўтаришга туртки бўлганини яширишмади.
“Ташриф давомида шаҳарчада делегациямиз учун яратилган шароитлар ўрганилди. Атлетларимиз яшайдиган хоналар, тиббиёт бўлими, машғулот ва мусобақа залларига қатнашлари учун йўлга қўйилган транспорт-логистика тизими, спорт турлари бўйича мусобақалар тақвими ҳақида атрофлича маълумот берилди. Шунингдек, атлетлар шуғулланадиган спорт заллари, ошхоналар ҳам кўздан кечирилди”, – дейилади МОҚ хабарида.
Осиё Олимпия кенгаши вице-президенти Отабек Умаров Ханчжоу шаҳрида ХIХ Осиё ўйинларининг тантанали очилиш маросими олдидан Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин билан ҳам учрашган. Бу ҳақда вице-президент ўз Telegram-каналида маълум қилди.
“Бугун Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида XIX-Осиё ўйинларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтади. Бу узоқ кутилган воқеа арафасида энг илҳомлантирувчи учрашувдир. Хитой Халқ Республикасининг муҳтарам Раиси Си Цзиньпин жанобларига ва уларнинг рафиқалари Пэн Лиюань хонимга Осиё Олимпия Кенгаши фаолиятига бўлган эътиборлари учун ташаккур”, – дейилади Отабек Умаров телеграм каналида қўйилган хабарда.