Айни пайтда Қўқон шаҳрида иккинчи халқаро ҳунармандчилик фестивали бўлиб ўтмоқда
Фестивалга 70 дан ортиқ мамлакатдан устазода ҳунармандлар, халқ амалий санъати усталари, мутахассислар, фахрий меҳмонлар, маданият ва санъат намоёндалари ташриф буюришган.
Маданият вазирлиги, “Ҳунарманд” уюшмаси ва Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ўтказилаётган фестивалда мамлакатнинг барча ҳудудларидан мингга яқин ҳунармандлар қатнашиб, маҳсулотларини намойиш этмоқда.
21 сентябрь куни бошланиб, иштирокчиларнинг тантанали юришлари, маҳаллий ва хорижий ҳунармандларнинг маҳсулотлари кўргазма-савдоси, “Анъанавий бадиий ҳунармандчиликни сақлаш ва ривожлантириш соҳасида жаҳон амалиёти” мавзусида илмий конференция, халқаро ва ўзбекистонлик ҳунарманд-дизайнерлар иштирокидаги модалар намойиши, халқ сайиллари, “Ўзбекистон ҳунармандчилиги” китоб-альбоми тақдимоти ўтказилиши, Қўқонда халқаро ҳунармандчилик музейи очилиши, Фарғонанинг маданий-кўнгилочар жойлари ва туристик маршрутлари бўйлаб саёҳатлар ташкил этилиши назарда тутилган фестиваль бугун ўз якунига етади.
Халқаро ҳайъат томонидан кўрик-танлов иштирокчиларининг маҳсулотлари кўргазмаси ва маҳорат дарслари 5 та номинация бўйича баҳоланади.
Фестиваль доирасида ўтказиладиган кўрик-танлов ғолиблари махсус диплом ва 2 минг доллардан 7 минг долларгача миқдорда пул мукофотлари билан тақдирланиши кутилмоқда.
Фестивалда иштирок этган Бутунжаҳон ҳунармандлар кенгаши президенти Саад Ал Қаддумий тадбирга юксак баҳо берган.