Қишлоқ аёлларининг сентябр, октябрь ойидаги даромади асосан пахта терим мавсумидан бўлади. Улар бу мавсумда 10-20 млн сўмгача ишлаб рўзғорининг камини тўлдиради.
Rost24.uz жамоаси далада пахта тераётган аёлларнинг пахта теришдаги қийинчиликлари, пахта пуллари вақтида бериляптими каби саволлар билан қизиқиб, жараёнларда бевосита қатнашди.
Бундан ташқари аёлларга "Ўтган йилги пахта мавсумида ишлаган маблағингиздан ўзингиз учун нима харид қилгансиз?" деган саволни ҳам бердик. Аёллар эса "Оиламга, фарзандларимнинг ўқиши учун сарфлайман.." деган жавобларни беришди.
Ҳар йили пахта терими олдидан 1 кг пахта учун белгиланаган нархлар бу йил кечикди. Аммо нархлар кечикиши уларни даладаги пахтани термаслиги учун сабаб бўла олмайди. Биз суҳбатлашган аёллардан бири "Ҳали пахта нархи чиқмади, лекин терим мавсуми бошландими, ёғингарчиликка қолмай пахтани териб олишимиз керак", дейди.
Маълумот учун, бу йил пахта терим учун белгиланадиган нархларни фермерлар таклиф қилиши айтилган эди. Аммо ҳали ҳам пахта нархи биринчи терим учун фалон сўм деган, хабарлар кўзга ташланмади. Масъуллар далада меҳнат қилаётган аёлларнинг меҳнатини тўғри баҳолаб, нархларни тезроқ чиқариб беради, деб умид қиламиз.