“Опен бюджет” пойгаси: халқ ўзининг ҳаққини ўзи сотиб олмоқда

20.09.2023 20:35

Давлат халқдан олганлари эвазига қуриб бериши ва таъмирлаб бериши керак бўлган ижтимоий объектлар учун яна халқнинг ўзини сарсон қиляпти.

Rost24.uz мухбири “Опен бюджет” лойиҳасининг 2023 йил 17 сентябрда якунланган мавсуми қандай ўтаётганлиги билан қизиқиб, маҳалласидаги йўл, мактаб учун пойтахтга овоз йиғиш мақсадида келган одамлар билан суҳбатлашди.

Пойтахт кўчаларида овоз йиғиб юрганлар асосан Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларидан келишган.  Улар орасида овоз йиғиш учун 50, 100, 300 млн атрофида маблағ сарфлашга улгурганлари ҳам бор. Ушбу пуллар эса қандайдир бой ҳомий ёки тадбиркор тарафидан эмас, балки аҳолидан ҳаттоки, пенсионерлар нафақасидан йиғилган. Асосий энг катта ҳомий эса ўзга юртлардаги мигрантлар бўлиб, улар ҳам маҳалласидаги лойиҳа ғолиб бўлиши учун маблағ юбормоқда экан.

Лойиҳа доирасида Чилонзор тумани 24-даҳасидаги ногиронлар мактабини таъмирлаш ва жиҳозлаш учун овоз йиғилаётгани бизни ажаблантирди. Ваҳоланки, ҳар йили минглаб мактаблар таъмирланади, ҳар ўқув йили олдидан қанчаси замонавий жиҳозланади. Нега шулар қаторида ногиронлар мактаби йўқ, аслида бу ҳам давлат томонидан қилиб берилиши керак эмасми?

Open budget'нинг ўтган мавсуми кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлган эди. Ҳатто 100 млн сарфлаб ҳам ғолиб бўлмаганлар Rost24.uz сайтига мурожаат қилишган. Ушбу лойиҳа доирасида ўзгариш бўлмайдими, балки мазкур ҳудудда яшовчи аҳоли сонига қараб лойиҳаларни табақалаштириш керакдир, мазмунидаги савол билан мурожаат қилганимизда, улар бу таклифни инобатга олишини билдириб, эҳтиёжлар чексиз, ресурслар эса чекланган, дея жавоб беришган эди. Бундан ташқари лойиҳадаги камчиликлар бу мавсумда бартараф этилади, дейилган эди, аммо ҳали ҳам ўзгариш бўлгани йўқ. 

Маълумот учун, ўтган йили Open budget лойиҳасида ғолиб бўлган Оҳангарон тумани Телов маҳалласидаги ички йўлларни 1 сўм эвазига таъмирлаш ҳақида хабар чиққан эди. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги шу 1 сўмни йўл таъмири учун ажратган.  

Шунингдек, бизга интервью берганлар орасида бундан 2 йил олдин open budget'да ғолиб бўлган йўл ярмигача ҳам таъмирланмай қолиб кетгани айтилган. Аслида бу каби объектлар жуда кўп. Масъуллар эса буни назорат қилмай, қоғоздаги чиройли рақамларни ўқиб бериш билан чекланиб қолмоқда.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
6
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар