Марказий банкнинг валюта чекловига оид қарори чиқишига нима сабаб бўлган?

19.09.2023 19:12

15 сентябрь куни Марказий банк томонидан валюта конвертациясини чеклаш бўйича чиқарилган қарор 16 сентябрь куни бекор қилинди.

Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов ушбу ҳолатга изоҳ бераркан, турли норозиликлар келиб чиқишига қарорнинг мазмун-моҳиятини тўғри етказа олишмагани сабаб бўлганини таъкидлади.

Раис ўринбосари Беҳзод Ҳамроевнинг сўзларига кўра, қарорда тадбиркорлик субъектларининг иккиламчи ҳисобварақлар очиши чекланиши кўзда тутилмаганди.

Марказий банк бошқарув раиси ўринбосари Беҳзод Ҳамроев

«Тадбиркорлар банкда хоҳлаганча ҳисоб очишлари мумкин. Тижорат банкларида очилган иккиламчи, учламчи ҳисобварақалар банклар томонидан текширилмайди, бизда бу ҳақда фактлар бор. Халқаро транзакция банкларидан бошқа банк мижозларининг валюта операцияларига ишонмаслик ҳақида 3-4 марта хабар келди. Энди биз банкларга мижозларни текшириши кераклигини айтамиз, лекин барибир биз кутгандек натижа бермайди», — дейди Беҳзод Ҳамроев.

Марказий банкнинг бундай қарорга келишига эса банкларнинг санкцияга тушиб қолиш хавфини камайтирмоқчилиги сабаб бўлган.

Марказий банк бошқарув раиси Мамаризо Нурмуродов

«Хорижий банклар Ўзбекистонда мижозлар етарли даражада текширилмагани учун тўловларни маъқулламади. Бу қарорга келишга бизни ундаган нарса шу. Валюта айирбошлаш бўйича ҳужжат Банк назорати қўмитасининг қарори, бу орқали банкларга мижозларни назорат қилиш ва санкцияга учраш хавфини камайтириш чораларини кўриш топширилган», — дейди Марказий банк бошқарув раиси Мамаризо Нурмуродов.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
1
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар