“Янги Ўзбекистон” массивлари учун Президент берган имтиёзлардан ким фойдаланмоқда?

18.09.2023 08:27

“Янги Ўзбекистон” массивларини аҳолига имкон қадар арзон нархда қуриб сотиш учун президентнинг иккита фармони билан жуда катта имтиёзлар тақдим этилган эди.

2021 йилнинг декабрь ойида президентнинг «Янги Ўзбекистон” массивларини қуриш ва ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-32 сонли фармони билан  30 та ҳудудда "Янги Ўзбекистон” массивларини қуриш белгиланган эди.  

«Янги Ўзбекистон” массивлари” номи билан қурилаётган кўп қаватли уй-жойлар таннархи имкон қадар арзон бўлиши учун ПФ-32-сонли фармоннинг ўзида бир қанча имтиёзлар берилган:

  • уй-жойлар қурилиши учун ер участкалари тадбиркорлик субъектларига электрон онлайн-аукцион орқали ижара ҳуқуқи асосида реализация қилинади; 
  • массивлар қуриш лойиҳаларини ишлаб чиқиш, ташқи автомобиль йўллари, ичимлик ва оқова сув таъминоти тармоқларини қуриш — Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан;
  • ташқи электр ва газ таъминоти тармоқларини қуриш — «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ва «Ҳудудгазтаъминот» АЖларнинг ўз маблағлари ҳамда асосланган ҳисоб-китобларга кўра, Давлат бюджетидан ажратиладиган қисқа муддатли фоизли ссудалар ҳисобидан;
  • ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини бажариш — маҳаллий бюджет ҳисобидан;
  • ижтимоий соҳа объектлари (мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари, тиббиёт пунктлари, иситиш қозонхоналари ва бошқалар)ни қуриш — Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан амалга оширилади, дейилади фармонда.

 

Бу рўйхат шу билан тугамайди. “Янги Ўзбекистон" массивларини қурувчилар учун президентнинг ПФ-33-сонли фармони билан ҳам бир қанча имтиёзлар тақдим этилган:  

Яъни, “Янги Ўзбекистон” массивлари учун ишлатиладиган цемент маҳсулоти ва энергия тежамкор базальт қопламаларини олиб келишда 2023 йил 1 январгача божхона божининг ноль ставкасини қўллаш

2024 йил 1 январга қадар 27 турдаги қурилиш ва махсус техникалар ҳамда юк ташиш транспорт воситалари импортида божхона божи ва утилизация йиғимининг ноль ставкасини қўллаш кабилар шулар жумласидан.  
 
МИЛЛИОНЛАРДА ФАРҚ ҚИЛАДИГАН РАҚАМЛАР

Қисқаси, давлат томонидан зарур бўлган барча имтиёзлар қўшқўллаб берилди. Аммо қурилаётган уйлар таннархи президент кутганидек бўлдими?

Пойтахтнинг Сергели туманидаги “Қумариқ” маҳалласида 17 гектар майдонга қурилаётган “Янги Ўзбекистон" массивини мисол тариқасида олайлик. 

Ҳужжатда “Янги Ўзбекистон” массиви бўлган ҳудудда “Tower up” номи билан қурилиш ишлари бошланган бўлиб, мазкур массивни қуриб фойдаланишга топшириш “PEARL BUILD” маъсулияти чекланган жамиятига тақдим қилинган. Массив бунёд этилиши жами 3 босқичда амалга оширилиши режалаштирилган, айни дамда ишлар  1-босқичда кетмоқда. Ушбу лойиҳа бўйича 42 та 16 қаватли уй қурилиши керак. Лойиҳа режасига мактаб, боғча ва поликлиника ҳам киритилган, бу ижтимоий биноларнинг барчаси давлат томонидан қурилиши белгиланган.

Энди ушбу ҳудудда “Tower up” номи остида қурилаётган “Янги Ўзбекистон” массивларини “PEARL BUILD” МЧЖ тақдим этаётган нархларга диққатингизни қаратамиз: 

1-босқичда 2023 йил охиригача битказилиши режалаштирилган жами 8 та кўп қаватли уйлардаги хонадонларнинг 1 метр квадрати қаватларига қараб 11 500 000 сўмдан 12 500 000 сўмгача белгиланган.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, “Tower up” сотув офисидаги менеджерларнинг айтишича, ушбу массивдаги уйлар ипотека кредитларига сотилмас экан.

Энг қизиғи, бундай имтиёзларга эга бўлмаган бошқа хусусий қурилиш ташкилотлари уйларига таклиф қилинаётган нархлар ҳам худди шундай. Энг юқориси 12 миллион сўмгача боради. 

“Янги Ўзбекистон” массивларини қуриш учун президентнинг юқорида келтирилган иккита фармонидаги имтиёзлар уй-жой қурувчи ташкилотларни қўллаб-қувватлаш учун эмас, аксинча, “Янги Ўзбекистон” массивларидаги кўп қаватли уй-жойлар таннархини имкон қадар арзон бўлиши учун, аҳолини рози қилиш учун эди.

Аммо Пойтахтда қурилаётган “Янги Ўзбекистон” массивларининг нархлари Президент кутганидек эмас шекилли.

Нархларга аниқлик киритиш учун бошқа вилоятларда қурилаётган “Янги Ўзбекистон” массивларининг нархлари билан таққослаб кўрамиз.

Вилоятларда қурилаётган “Янги Ўзбекистон” массивларидаги уйлар нархи (100 фоиз тайёрлари) 4 миллион сўмдан – 6 миллион сўмгача экан. 

Тошкентда “Янги Ўзбекистон” массивларида қурилаётган хонадонларнинг ўртача нархи 12 миллион, вилоятларда эса ўртача 5 миллион. Тафовут – 2 баробардан кўпроқ.

Тўғри, пойтахтда вилоятларга нисбатан ер қиммат. Аммо, вилоятларда сотиб олинган ерга энг баланди 9 қаватгача қурилаётган бўлса, Тошкентда айни шунча майдонга 16 қават қурилмоқда. Айтмоқчи бўлганимиз, ортиқча қурилаётган 7 қават таг-жой учун сарфланган маблағни қопламайдими? Тан олиб айтганда, талаб бор жойда имтиёзлар ҳам унутилмоқда.

ПФ-32-сонли фармонда шахсан Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири ўринбосари Д. Адиловга уй-жойларнинг нархини пасайтириш бўйича шахсий жавобгарлик юкланган. 

“Қурилиш вазирининг биринчи ўринбосари Д.К.Адиловга «Янги Ўзбекистон» массивларида қурилиш-монтаж ишларини ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш, уларда маҳаллий замонавий қурилиш материаллари ва ускуналарини кенг қўллаш орқали уй-жойларнинг нархини пасайтириш ҳамда қурувчи ташкилотлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш юзасидан шахсий жавобгарлик юклансин”, дейилади фармоннинг 14-бандида.

Фармоннинг 13-бандида эса, республика “Бош прокуратурасига «Янги Ўзбекистон» массивлари қурилишида нархларнинг асоссиз оширилиши, рақобат тўғрисидаги қонунчилик бузилиши ҳамда тасдиқланган лойиҳаларнинг ўзбошимчалик билан ўзгартирилишига йўл қўймаслик устидан таъсирчан назорат ўрнатиш белгиланган. 

Шунингдек, фармоннинг 2-бандида электрон онлайн-аукционда ғолиб деб топилган тадбиркорлик субъектларига кўп қаватли уй-жойлар қурилиши учун «ССС» ва ундан юқори рейтингга эга бўлган қурилиш ташкилотларини жалб қилишга рухсат этилади, дейилган.

Е-аукционда “Янги Ўзбекистон” массивини қуриш учун Сергели туманидаги “Қумариқ” маҳалласида 4 гектар ерни ютиб олган “PEARL BUILD” МЧЖ фармон чиққанидан икки ой ўтиб ташкил этилган. 

Яна хайратланарли жиҳати шундаки, Е-аукционда 2022 йил 4 март куни ўйналган 1022932-Лотни ютиб олган “PEARL BUILD” МЧЖ аукцион бошланишидан 6 кун олдин – 2022 йил 28 февраль куни ташкил топган. Шу ерда савол туғилади: президент фармонида белгилаб қўйилган «ССС» рейтинг талабини олиш учун 6 кун етадими? 

Ушбу саволга Вазирлар Маҳкамасининг 09.11.2020 йилдаги “Лойиҳа-қидирув ва қурилиш-пудрат ташкилотлари рейтингини ҳисоблаш ва юритиш тартибини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 699-сонли қароридан жавоб топиш мумкин.

Шу ўринда, президент фармони билан бир қанча имтиёзлар берилган каттагина лойиҳа хусусий қурилиш ташкилотларига қўшқўллаб топширилаётганда қандайдир шартлар қўйилмаганми, шартномалар қандай тузилган, деган ҳақли саволлар туғилади. Ушбу саволларни Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигига йўлладик. Аммо саволларимиз жавобсиз қолди.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
12
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар