Аҳолига қулайлик яратиш учун Транспорт вазирлиги ва Humo Air авиакомпанияси кучларини бирлаштирмоқда

12.09.2023 17:32

Humo Air авиакомпанияси ва Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги Ўзбекистон аҳолисига қулайлик яратиш мақсадида кучларни бирлаштирмоқда. Буни авиакомпания раҳбарияти ва Транспорт вазирлиги ўртасида ўтказилган икки томонлама келишувлардан билиш мумкин.

Икки томонлама ўтказилган музокарада Ўзбекистон авиация саноати ва транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бўйича ҳамкорлик ва шериклик масалалари муҳокама қилинди. 

Учрашувда компания ҳаво рейсларини ривожлантириш ва фуқароларимизнинг ички қатновларига қулайлик яратишга қаратилган янги лойиҳасини тақдим этди. 

Лойиҳада Humo Air авиакомпаниясининг хизмат кўрсатиш сифати ва парвозлар хавфсизлиги бўйича юқори стандартлар ўрин олган. Шунингдек, йўловчиларга қулай муҳит яратиш, арзон нархлар ва ишончли парвозларга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

“Humo Air" авиакомпаниясининг Ўзбекистонда мунтазам қатновлари йўлга қўйилиши туризмни ривожлантириш ва халқаро алоқаларни янада мустаҳкамлашга ҳам имконият яратади.

"Компания барча тоифадаги йўловчилар эҳтиёжларини қондириш учун турли йўналиш ва қулай жадвалларни ҳам режалаштирмоқда. Humo Air ҳаво қатновларини барча фуқаролар учун қулай қилишга интилади”, – дейилади авиакомпания хабарида.

Эслатиб ўтамиз, “Humo Air” МЧЖ 2020 йилда “Махсус авиация ишлари авиакомпанияси” давлат унитар корхонаси негизида ташкил этилган. Авиакомпания илк мунтазам рейсини 2021 йилнинг декабрь ойида Фарғона – Сўх – Фарғона йўналиши бўйича амалга оширган эди.

2022 йил охирида “Humo Air” МЧЖ устав капиталидаги 100 фоиз давлат улушини сотиш учун Швейцариянинг Valleyroad Capital S.A. компанияси билан шартнома тузди. Харид суммаси эса 27,2 миллиард сўмни ташкил этган эди.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар