Ўлим ҳолатига олиб келишини билмаганмиз – судланувчи “Док-1 Макс” сиропи лаборатория текширувидан ўтказилмаганини тан олди
Ўзбекистонда 65 нафар боланинг ўлимига сабаб бўлгани айтилаётган “Док-1 Макс” сиропи давлат рўйхатидан ўтказилаётганда лаборатория текширувидан ўтмагани маълум бўлди.
Бу ҳақда 6 сентябрь куни бўлиб ўтган суд мажлисида сўз олган судланувчилардан бири маълум қилди, дея хабар берди "Дарё" нашри.
Судда сўроқ қилинган аёл Г.С. “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУКда рўйхатдан ўтказиш бўлими бошлиғи сифатида ишлаган.
У “Док-1 Макс” сиропини қайта рўйхатдан ўтказиш жараёнида сиропдан намуналар олинган бўлса-да, улар лабораториядан ўтказилмаганини маълум қилган.
"Лаборатория синовлари ўтказилмаган, рўйхатдан ўтказиш бўлими ёки мен атайлаб, ёмон ниятда, ўлим ҳолатига олиб келишини билиб туриб, бу нарсани қилмаганмиз. Амалиёт бўлгани учун қисман айбимга иқрорман. Шу сабаб ҳам мана шу ерда тўққиз ойдан бери ўтирибман", — деган судланувчи.
Шунингдек, айбланувчи Г.С. ДУКда 12 йилдан бери фаолият юритаётган бўлса, фаолияти давомида бирор марта рўйхатдан ўтказилаётган дорига лаборатория синовлари ўтказилганини эслолмаслигини айтган.
"Биз лаборатория синовларини ўтказмаганмиз. Биздаги амалиётда бу ҳолат умуман кузатилмаган. Мана шу хатойимизни ҳеч ким бизга айтмаган. Адлия вазирлигидан, агентликдан текширувлар келиб-кетган. Ҳеч қачон ҳеч ким бу ҳолатга эътироз қилмаган. Бу ҳақда тергов жараёнлари бошлангач билдик, ҳамма шунда билди", — дейди рўйхатдан ўтказилаётган дорилар лабораториядан ўтказилмаганини тан олган судланувчи.